Янги Тошкент шаҳри бунёд этилади

TASHKENT. UzA-Kazinform – Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан ажратиб олинган 19 720,9 гектар ер майдонида Янги Тошкент шаҳри қад кўтаради, дея хабар беради Kazinform UzAга таяниб.
None
Фото: uza.uz

Лойиҳани тезкор ва сифатли ишлаб чиқиш мақсадида «Meinhardt Pte. Ltd» (Сингапур), «Foster and partners» (Буюк британия) ва «ОМА» (Голландия) компаниялари жалб этилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган.

Қарорга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 сентябригача «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» ташкил этилади.

Дирекция чет мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида етакчи хорижий ва маҳаллий лойиҳа ташкилотлари иштирокида Янги Тошкент шаҳри ҳудудини ривожлантириш режаларини (мастер режа), тармоқ режалари ва манзилли дастурларини ишлаб чиқади.

Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида 2027 йил 1 январга қадар Дирекция, инвесторлар, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинади.

Сўнгги хабарлар