Янги қонун лойиҳаси: Қозоғистонда хусусий детективларга қандай талаблар қўйилади

ASTANА. Кazinform - Қозоғистонда хусусий детективлар фаолияти қонун билан тартибга солинади. Шу муносабат билан парламентаризм институти эксперти Нуртай Иманғалиев уларга қўйиладиган талаблар ҳақида сўзлаб берди.

Янги қонун лойиҳаси: Қозоғистонда хусусий детективларга қандай талаблар қўйилади
Фото: pexels.com

“Конституциянинг 13-моддасига кўра, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунга зид бўлмаган турли усуллардан фойдаланишга ҳақли. Қозоғистон Республикасининг “Хусусий детектив хизмати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг мақсади ушбу хизматни қонун билан тартибга солишдан иборат. Янги қонун доирасида хусусий детективлар ва уларнинг фаолиятига бир қатор талаблар, мажбуриятлар ва чекловлар белгиланди. Хусусан, хусусий детектив ва унинг ёрдамчиси Қозоғистон фуқаролари бўлиши керак. Бошқа давлат фуқаролари детектив бўла олмайди, хорижий детектив агентликлар эса мамлакатда бўлим очиб, хизмат қилиш ҳуқуқига эга эмас”, — деди Нуртай Иманғалиев «AMANAT» партияси платформасида ўтказилган давра суҳбатида.

Унга кўра, хусусий детективлар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли орган ташкил этилади. Бу Ички ишлар вазирлиги ёки Адлия вазирлиги бўлиши мумкин.

“Хусусий детективларга қўйиладиган талабларга келсак, биринчи навбатда, улар Қозоғистон Республикаси фуқароси, 30 ёшдан ошган, олий юридик маълумотга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, тергов ёки фавқулодда вазиятлар хизматида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ёки махсус идораларда 10 йиллик тажрибага эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, судланмаганлиги ва соғлиги бўйича талаблар мавжуд ", - деди у.

Спикер, шунингдек, хусусий детективлар нималар билан шуғулланишини ҳам айтиб берди.

“Бедарак йўқолган фуқаролар ва мулкни қидиришга ҳақли. Бундан ташқари, янги қонун лойиҳасида махсус воситалар ёрдамида ташқи назорат ҳам назарда тутилган. Ҳуқуқий муҳокама чоғида ташқи назорат жамиятда баҳс-мунозараларга сабаб бўладиган бўлса, соҳа экспертлари ва мутахассислари айрим моддаларни қайта кўриб чиқишади. Яна бир таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаси детектив сирлари ва хусусий детективларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига бағишланган. Масалан, инсоннинг шахсий ҳаётига тажовуз қилинмаслик керак”, - дейди эксперт.

Эслатиб ўтамиз, бугун Астана шаҳрида Қозоғистон Республикаси Президенти Ишлар бошқармаси ҳузуридаги Парламентаризм институти ва «AMANAT» партияси ижтимоий сиёсат институти ҳамкорлигида “Қозоғистонда хусусий детектив фаолиятини қонунчилик билан тартибга солиш муаммолари ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Сенат ва Мажилис депутатлари, Парламентаризм институти олимлари ва экспертлари иштирок этди.

Сўнгги хабарлар