Вазир: Шифокорларнинг ўртача маоши 2,5 баравар оширилади
«Дастурдан кўзланган мақсад аҳолини сифатли ва арзон соғлиқни сақлаш тизими билан таъминлашдир. Шу мақсадда тўққизта йўналишдан иборат уч вазифа бажарилади. Биринчиси – ижтимоий соғлиқни сақлашни ривожлантириш. Бу борада туз истеъмолини 31 фоиз, тамаки истеъмолини 13,6 фоиз, алкоголь маҳсулотлари истеъмолини 16 фоиз камайтирилади. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи аҳоли улуши 36 фоизга етказилади. Иккинчи йўналиш бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига, асосий юқумли касалликларга қарши курашга катта эътибор қаратилади», - деди дастур лойиҳасини тақдим этган ҚР соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов.
Унинг айтишича, дастурни амалга ошириш натижасида ОИТВдан даволаш билан таъминлаш 29 фоиз орттирилади. Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлиш кўрсатгичи 24 фоиз, сил касаллиги оқибатида вафот этиш кўрсатгичи 9 фоиз, захарланиш оқибатида ҳалок бўлиш кўрсатгичи 10 фоизгача камайтириш кўзда тутилган.
«Муҳим йўналишлардан яна бири – инсон капиталини ривожлантириш. Бу борада профессионал мутаҳассислар тайёрлашни янада яхшилаш, биотиббий тадқиқотлар бозорини ривожлантириш, тижорийлаштириш кўзда тутилмоқда. Тиббиёт ходимлари маошини ошириш ҳам муҳим жиҳатлардан биридир. Режага кўра, шифокорлар маоши 2025 йилгача 2,5 баравар оширилади, клиник тадқиқотлар сони 2 баравар кўпаяди», - деди у.
Бундан ташқари, тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилади.
«Президент топшириғига кўра, тиббий техникалар билан таъминлаш кўрсатгичи 100 фоизга етказилади, тиббий бинолар эскириши 32 фоизга камайтирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасига киритиладиган инвестициялар ҳажми олти йилда 2,8 триллион тангага етади. Шундан 70 фоизини хусусий инвестициялар ташкил қилиши режалаштирилмоқда», - деди вазир.
Муаллиф: Марлан Жиембай