Вазир Бельгияда Қозоғистон ва ЕИ ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

None
BRUSSELS. Kazinform – ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев Брюсселга ташрифи чоғида Европа комиссарлари билан учрашди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

Қозоғистон Республикасининг Бельгиядаги Элчихонасида таъкидланганидек, Қишлоқ хўжалиги бўйича Европа комиссари Януш Войцеховски билан музокаралар чоғида Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари мамлакат Ҳукуматининг Европа иттифоқи билан савдо ва ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.

«Қозоғистонда юқори сифатли органик озиқ-овқат етказиб берувчиси бўлиш учун барча имкониятлар мавжуд», - деди Ербол Қарашўкеев.

Хусусан, маҳаллий балиқ маҳсулотларини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш ҳақида бўлди. Тегишли музокара жараёнлари якунланмоқда ва Франция ҳамда Швейцария билан Қозоғистон балиқ маҳсулотларини харид қилиш бўйича тижорат келишувлари аллақачон мавжуд.

Ўтган йили Қозоғистон балиқларининг Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорти қарийб 1,5 баробар ошиб, 8,7 минг тоннани ташкил этди, асосий истеъмолчилар Польша, Словакия, Чехия, Нидерландия, Литва, Латвия, Дания, Австрия ва Германия бўлди.

Шунингдек, мамлакат Европа бозорига асал, от гўшти, мол гўшти ва сут маҳсулотларини етказиб бериши мумкин.

Соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Европа комиссари Стелла Кириакидес билан учрашувда Қозоғистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, жорий йилдан кучга кирган микробларга қарши дори воситаларини профилактика мақсадида қўллашни тақиқлаш бўйича Европа қонунчилигига киритилган ўзгартишлар Европа давлатларидан Қозоғистонга зотдор молларни экспорт қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда, деб таъкидлади Ербол Қарашўкеев.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун вазир икки томонлама ветеринария сертификатларига тузатишлар киритишни экспертлар даражасида ишлаб чиқишни таклиф қилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари, шунингдек, Қозоғистонга ҳайвонлар касалликларини олиб кириш хавфини камайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини ҳам қайд этди. Чорвачиликни ривожлантириш бўйича турли дастурлар доирасида мамлакатга наслчилик учун Европа Иттифоқи давлатларидан 57 минг бош зотдор қорамол келтирилди.

Қозоғистон ташқи савдосининг қарийб 30 фоизи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади. 2022 йил якунига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмаси 35,6 фоизга ўсиб, 995,5 миллион долларни ташкил қилди. Қозоғистон зиғир, буғдой, рапс ва қайта ишланган дон маҳсулотлари экспортини оширишга эришди.

Аввалроқ Қозоғистон халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этиши хабар қилинганди.

Муаллиф: Арнур Раҳимбеков

Сўнгги хабарлар
telegram