Ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова IJF Атлетлар комиссияси аъзолигига сайланди
ASTANA. Kazinform — Дзюдо бўйича жаҳон чемпиони, "Париж-2024" Олимпия ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Атлетлар комиссияси аъзолигига сайланди.

Жорий йилнинг 13-19 июнь кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида катталар ўртасида ўтган жаҳон чемпионати доирасида Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Атлетлар комиссияси аъзолиги учун номзодлар рўйхатини эълон қилган эди.
Турли қитъалардан 20 нафар дзюдочи номзоди мазкур комиссияга аъзолик учун илгари сурилди. Уларнинг 5 нафари қитъа дзюдо конфедерациялари томонидан, 4 нафари IJF Ижроия қўмитаси томонидан таклиф этилган.

Овоз бериш натижаларига кўра, улар орасидан 9 нафари Халқаро дзюдо федерацияси Атлетлар комиссияси аъзолигига лойиқ кўрилди. Жанубий Африка Республикаси, Япония, Италия, Австралия, Куба, Косово, Чехия, Озарбайжон вакиллари орасида Ўзбекистон номидан Диёра Келдиёрова бор.
IJF Атлетлар комиссияси аъзолари янги ёзги Олимпия ўйинлари даври саналган 2025–2029 йиллар давомида иш олиб боради.
Маълум қилинишча, яқин кунларда улар орасидан IJF Атлетлар комиссияси раиси сайланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик 3 футболчи Англия клубида кўрикдан ўтиш учун Лондонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.