Ўзбекистонлик боксчи Муҳаммад Шехов Будапештда жанг ўтказади

TASHKENT. Kazinform - 26 апрель куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги "Folyondar Sports Hall" мажмуасида профессионал бокс оқшоми ўтказилади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига таяниб.

Шехов ва Моралес
Фото: ЎР профессионал бокс федерацияси

Ушбу бокс турнири доирасида иккинчи энг енгил вазн тоифасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Муҳаммад Шехов венесуэлалик Орландо Моралесга қарши рингга кўтарилади. Жанг 8 раунд этиб белгиланган.

Маълумот учун, бухоролик 32 ёшли боксчи фаолияти давомида 16 та жанг ўтказиб, 15 ғалаба ва 1 та дуранг қайд этган. У сўнгги жангини ўтган йилнинг декабрь ойида хитойлик Зонг Лиуга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган ва вакант бўлиб турган IBF Intercontinental камарини қўлга киритганди. Шехов ҳозирда WBO рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди.

Унинг бўлажак рақиби, 20 ёшли Орландо Моралес ҳисобида эса 13 ғалаба ва 2 мағлубият бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ WBA Шаҳрам Ғиёсов - Жарон Эннис жангига буйруқ бергани ҳақида ёзган эдик.

Шунингдек, ўзбекистонлик Абдуллаев ва Турғунбоев навбатдаги жанглари учун Венгрияга йўл олди.

Сўнгги хабарлар