Ўзбекистонда “Tandir Fest” фестивали бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 2-4 май кунлари Сурхондарё вилоятининг гўзал ва мафтункор тоғлар қўйнидаги Бойсун туманида “Tandir Fest” фестивали бўлиб ўтади, деб ёзади ЎзА.

Вилоятда илк марта ўтказилаётган фестиваль “Бойсун баҳори” туризм мажмуасида ташкил этилади.
Тадбирда қадимий ва ҳамиша навқирон воҳанинг гастрономик туризм салоҳияти кенг намойиш этилиб, кўп минг йиллик тарихга эга ноёб миллий қадрият ва анъаналар, халқимизнинг ошпазлик маҳорати, халқ амалий санъати ҳамда маданий мероси тарғиб қилинади.
Мутахассисларнинг айтишича, саёҳатга чиқаётган турист учун борадиган мамлакатининг миллий ошхонаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис сайёҳларнинг аксарияти ўша давлатнинг миллий таомлари ва уларнинг тайёрланиш усулларини эътиборга олади. Шу жиҳатлари билан воҳада биринчи марта ташкил этилаётган мазкур фестиваль вилоятга туристлар оқимини кўпайтиришда муҳим омил бўлади.
Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизматидан маълум қилинишича, шу мақсадда фестиваль дастуридан ҳудудлардаги энг машҳур, қўли ширин ошпазларнинг тандири гўшти тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, миллий анъаналар ва халқ амалий санъати кўргазмалари, миллий ҳунармандлик ярмаркалари ўтказилади. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий рақслар фестивални янада серзавқ ўтказишга хизмат қилади. Фестиваль иштирокчилари ҳаво шарлари орқали мафтункор Бойсуннинг гўзал табиатини мовий осмондан мириқиб томоша қилиш имкониятига эга бўлади.