Ўзбекистонда парламент ваколатларини ўзгартириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Ҳужжатга кўра, парламент палаталарининг бир-бирини такрорлайдиган ваколатларига аниқлик киритилди. Энди сенаторларнинг умумий сони 100 тадан 65 тага қисқартирилади. Бунда ҳар бир маъмурий ҳудуддан 4 нафар сенатор сайланади, қолган 9 нафар депутат эса президент томонидан тайинланади.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари сони 7 нафардан 2 нафарга қисқартирилади. Улар ўз ваколатлари даврида фракция таркибига кирмайди ва сиёсий партияга аъзоликни тўхтатади.
Ҳужжатга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўз-ўзини тарқатиб юбориш ҳуқуқи берилган. Бунда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой ичида, Сенатнинг янги таркиби эса бир ой муддатда ўтказилиши керак.
Эндиликда Ўзбекистонда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Бош прокурор лавозимига тайинланиши мумкин эмас. Бундай тақиқ Сенат Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикерига ҳам тааллуқлидир. Илгари уларнинг амал қилиш муддати чегараланмаган эди.
Шунингдек, Сенат ваколатларининг бир қисми парламент Қонунчилик палатасига ўтади. Хусусан, Бош вазир лавозимига номзодни келишиш ва тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботи ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиш киради.
Ўз навбатида, парламентнинг юқори палатаси Президент тақдимномасига кўра Конституциявий суд ва Олий суд, Олий судялар кенгаши ва бошқа идоралар раисларини сайлаш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Сенат давлат раҳбарининг идораларни ташкил этиш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини ҳам тасдиқлаши мумкин.
Жорий йилда бўлиб ўтган парламент сайлови якунларига кўра, Сенатнинг сон таркиби ва қўмиталарнинг номларини, шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларининг сони ва мақомини белгиловчи ҳуқуқий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.