Ўзбекистонда зотли отлар иштирокида “Осиё марвариди” VII жаҳон чемпионати ўтказилди

TASHKENT. Kazinform - Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ўзбегим отлари” мажмуасида Ахалтака зотли отлар ўртасида кўргазмали чиқиш бўйича “Осиё марвариди” VII жаҳон чемпионати ўтказилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги  ЎзАга таяниб хабар беради. 

“Осиё марвариди” VII жаҳон чемпионати
Фото: ЎзА

Унда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, мамлакатдаги дипломатик корпус вакиллари, вилоят секторлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, от спорти ишқибозлари қатнашди. Дастлаб меҳмонларга зотдор отларни парваришлаш технологияси кўрсатилди. Шунингдек, мазкур от заводидаги наслли тулпорларнинг озуқа базаси, сақлаш шароитлари билан ҳам таништирилди. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақада спортчилар турли йўналишларда отларнинг маҳоратини синовдан ўтказди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Осиё марвариди” VII жаҳон чемпионати
Фото: ЎзА

Таъкидлаш лозимки, ЎР Президенти ташаббуси билан от спортини ривожлантириш, замонавий бешкураш ва поло спорт турларини аҳоли ўртасида кенг оммалаштириш, иқтидорли ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар қилинмоқда. Бу каби мусобақалардан кўзланган мақсад от спорти тури билан шуғулланувчиларни бошқа давлат спортчилари билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, соҳада яхши натижаларни қўлга киритишга кўмаклашишдир.

“Осиё марвариди” VII жаҳон чемпионати
Фото: ЎзА

Мусобақа доирасида Тошкент вилояти ва қўшни давлатларда парваришланаётган Ахалтака ва тоза қонли инглиз зотли отлар кўргазмаси ва аукцион савдоси ҳам ташкил этилди.

Сўнгги хабарлар