Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги илк шоколад музейи очилди

Яқинда этнографик «Наврўз» боғида ноёб маданий маскан – Шоколад музейи фаолият бошлади. Бу лойиҳа Iman Chocolate & Fruits компанияси ташаббуси билан амалга оширилди.
Музей меҳмонларни шоколад тарихига бағишланган қизиқарли саёҳатга олиб киради. Бу ерда қадимги цивилизациялардан то замонавий кондитерлик санъатигача бўлган жараён ҳақида маълумот берилади.
Экспозицияда Ўзбекистон ва жаҳон меъморий обидаларининг шоколаддан ясалган миниатюралари, шунингдек, тарихий шахсларнинг ҳайкаллари намойиш этилган. Жами 19 та экспонат бор, шулардан 16 таси музей усталари томонидан қўлда ясалган эксклюзив шоколад ҳайкалларидир.
Кўргазмада Тошкент ва Самарқанддаги мадрасалар, Калта-Минор минораси, Алишер Навоий ва Амир Темур, шунингдек, Тож-Маҳал, Эркинлик ҳайкали, Эйфель минораси, Колизей ва Танос қўли каби шакллар мавжуд.
Бу санъат асарлари учун асосан қора шоколаддан 850 кг ишлатилган, иккита объект оқ шоколаддан тайёрланган. Ҳар бир ҳайкалга камида етти кунлик меҳнат сарфланган. Улар шоколад лак билан қопланган бўлиб, тегишли шароитда бир йилгача сақланади.
Музейда меҳмонлар шоколаднинг ривожланиш тарихи билан танишишлари, экспонатларга тегишлари мумкин. Шунингдек, музейда ишлаб чиқариш цехи ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда шоколад тайёрлаш жараёни тўлиқ кўрсатилади.
Яқинда тажрибали кондитерлар раҳбарлигида мастер-класслар ҳам ташкил этилади.
Бу музей очилиши маданий туризм ривожига ҳисса қўшиши ва миллий кондитерлик санъатини оммалаштириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилгани ҳақида хабар берган эдик.