Ўзбекистонда декабрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 % га ошган

TASHKENT. Kazinform — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 % га ошган.

нарх-наво
Фото: Миллий статистика қўмитаси

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,3 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил декабрь — 109,8 %) нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайди.

Декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,5 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,7 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бақлажон (55,9 %), бодринг (55,7 %), помидор (25,1 %), булғор қалампири (22,9 %), карам (22,8 %), қовоқ (10,5 %), анор (7,2 %), узум (6,7 %), банан (3,5 %), товуқ тухуми (3,4 %), олма (2,3 %), картошка (0,7 %), қўй гўшти (0,5 %) ва мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) (0,5 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида сабзи (-7,5 %), мандарин (-3,5 %), шакар (-2,6 %), барча навдаги гуруч, гуруч оқшоғи (-1,8 %) ва кунгабоқар ёғи (-0,5 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан бензин (2,4 %), кийим ва пойабзал (0,2 %) ҳамда пропан (1,3 %) нархларида ўсиш кузатилди.

Шунингдек, xизматлар нархи ва тарифларида мобил алоқа хизматлари (4,9 %), шаҳар автобусида йўл ҳаққи (3,2 %), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (3,0 %), халқаро йўловчи ҳаво транспорти (2,0 %) ва репетиторлик (0,8 %) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар қайд этилган. 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–ноябрь ойларида Ўзбекистонда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 916 трлн сўмни ташкил этган.

 

Сўнгги хабарлар