Ўзбекистонда аҳолининг ишсизлик даражаси қанчалиги маълум қилинди

TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистонда 2025 йил I ярмида ишсизлик даражаси 0,4 фоизга камайиб, умумий ҳисобда 5,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълум қилди.

ишсизлик
Фото: freepik

2025 йил июль ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг 15 миллион 377 минг нафари (41 фоиз) иқтисодий фаол ҳисобланади. Шундан 14 миллион 595 минг нафари (94,9 фоизи) иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритяпти.

инфографика
Инфографика: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

 

Июль ойида давлат корхона ва ташкилотларида 8 миллион 55 минг киши (жами рақамдан 55,2 фоизи) ишлаши қайд этилган. Бу рақам 2024 йил июлдагидан (6 миллион 768 минг киши) 1 миллион 287 минг нафарга ошган (19 фоиз).

Хусусий секторда ишловчилар 4 миллион 760 минг (32,6 фоиз) нафарни ташкил этиб, ўтган йил мос давридагидан 750 минг кишига камайган (13,6 фоиз).

Жорий йил июлда хорижда 1,9 миллион (12,2 фоиз) нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилаётгани аниқланган.

— Бугунги кунда республика бўйича 781 минг нафар ишга жойлашишга муҳтож аҳоли мавжуд (йил бошида 836,4 минг нафар эди), — дейилади манба ахборотида.

Мамлакатда охирги уч йилдаги ишсизлик даражалари қуйидагича бўлган:

  • 2023 йил 1 июлда 8,1 фоиз;
  • 2024 йил 1 июлда 5,8 фоиз;
  • 2025 йил 1 июлда 5,1 фоиз.

Вазирлик таҳлилига қараганда, Ўзбекистонда иқтисодий нофаол аҳоли 4 миллион 937 минг кишидан ортиқ. Бу 2024 йил мос даврига нисбатан 38,4 минг кишига (0,8 фоиз) кўп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизи меҳнатга лаёқатли эканлиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар