Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилмоқда
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Фориш туманида атом электр станцияси қуриш таклифи бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Жамоатчилик фикрини инобатга олишга қаратилган тадбир Богдон қишлоғидаги Маданият марказида ташкил этилди. Унда Uzatom агентлиги раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги вакиллари, жамоатчилик фаоллари, олимлар, экологлар ва мутахассислар иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувида сўзга чиққан Атом энергияси агентлиги раҳбари Азим Ахмедхаджаев республикада стратегик объектни яратиш муҳимлигини таъкидлади.

“Бизнинг мақсадимиз - жамоатчилик эшитувларини очиқ, адолатли ва сифатли ташкил этишдир. Чунки, бундай кенг кўламли лойиҳани халқ фикрини инобатга олмасдан амалга оширишнинг иложи йўқ. Атом электр станцияси мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлайди. Ушбу объект халқаро стандартларга тўлиқ мос равишда қурилади ва барча хавфсизлик талабларига риоя қилинади», — деди Uzatom агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.
Тадбирда сўзга чиққан АЭС қурилиши дирекцияси бошлиғи ўринбосари Отабек Аманов Фориш туманида моношаҳарча қурилиши ҳақида маълум қилди.

«АЭС қурилаётган жой яқинида атом электр станцияси шаҳарчаси қурилади. Унда кўп қаватли бинолар, мактаб, болалар боғчаси ва касалхона жойлашган. Президентимиз бизга ушбу моношаҳарчани замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қуришни топширди. Шунга кўра, кичик шаҳарча аҳолиси учун барча шароитлар яратилади», — деди Отабек Аманов.

Ўзбекистонда қуриладиган атом электр станциясининг умумий қуввати 2110 МВтни ташкил этади. У йилига 16-17 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Стратегик иншоот қурилиши давомида 13 минг киши, у тўлиқ ишга туширилганда эса 2 минг киши иш билан таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қурилаётган атом электр станцияси Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларини электр энергияси билан таъминлай олади.
Яқинда биз Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишининг биринчи босқичи бошланганини ёзган эдик.
Аввал хабар берганимиздек, Россия Ўзбекистонда яна бир атом электр станциясини қуради.
Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Сатқалиев яқинда мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси учун биринчи бетон 2029 йил атрофида қуйилиши мумкинлигини айтди.
Муаллиф: Алихан Асқар