Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситалари учун йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш тизими яратилади

Ўзбекистон
Фото: UzA

Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назорат тартиботларини соддалаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб республикага кириб келаётган ва транзит ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказишда, чегара ўтказиш пунктларида ундирилиши белгиланган йиғимларни божхона ҳудудида тўлаш тизими яратилади. (Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим ҳамда божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш учун божхона йиғими бундан мустасно).

Йиғимлар автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктини кесиб ўтганлиги тасдиқланган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар ичида тўланиши лозим:

божхона назоратидаги товарлар юкланган автотранспорт воситалари учун - божхона органлари томонидан белгиланган етказиб бериш муддати доирасида;

қолган барча ҳолатларда 10 календарь кун давомида.

Йиғимлар улар ҳисобланган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси ва (ёки) ушбу кундаги базавий ҳисоблаш миқдори бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида тўланади.

Йиғимларни тўлаш муддатлари бузилган тақдирда, уларни тўлаш бўйича мажбурият бажарилмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар тўланмаган йиғимлар суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади. Пенянинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади.

Тўланмаган йиғимлари ҳамда уларга ҳисобланган пенялари мавжуд автотранспорт воситаларининг республика ҳудудидан олиб чиқилиши ва ҳаракатланиши тақиқланади.

Йиғимларни тўлаш муддатини бир календарь йил давомида бир маротаба бузган шахсларга йиғимларни божхона ҳудудида (чегара божхона постларидан ташқари) тўлаш имконияти тақдим этилмайди.

Йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжуд автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқилаётганда, қарздорлик суммалари тўлиқ ундириб олингандан сўнг чиқариб юборилади.

Сўнгги хабарлар