Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2030 йилга бориб 200 миллиард долларга етиши мумкин
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистоннинг 2030 йилга бўлган ялпи ички маҳсулоти прогнози 160 миллиард доллардан 200 миллиард долларга, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича эса 4 минг доллардан 5 минг долларга яхшиланади. Бу ҳақда ЎР Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов маълум қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Uznewsга таяниб.
— Президент олдимизга устувор вазифалардан бири сифатида келгуси йилда давлат бюджети тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоизга камайтириш, инфляция даражасини 7 фоиздан ошмаслигини белгилаб берди. Аста-секин, 2026 йилда инфляцияни 5-6 фоиз, 2027 йилдан эса 5 фоиз ва ундан паст даражада ушлаб туриш керак, — деди И. Норқулов.
Унинг сўзларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг босқичма-босқич ўсиб, 100 миллиард долларга етганини ҳисобга олсак, жорий йилда бу кўрсаткич 110 миллиард долларни ташкил этиши, 2030 йилга бориб эса ялпи ички маҳсулот ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
И.Норқулов, шунингдек, президент мис, олтин, металлни қайта ишлаш каби йирик саноат тармоқларида маҳаллийлаштириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини инобатга олган ҳолда янги дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берганини айтди.
ЎР Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров келгуси йилда тежамкорлик ва барқарорлик асосий вазифа бўлишини таъкидлади. Давлат бюджетининг ҳар бир сўмидан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Унинг таъкидлашича, ҳар бир давлат идораси раҳбарини баҳолаш мезонларидан бири бюджет маблағларини самарали сарфлаш масаласини кўриб чиқиш бўлади.
Аҳадбек Ҳайдаров 2025 йилда асосий солиқ йўналишлари ҳақида ҳам гапирди.
— Келгуси йилда бир қатор солиқлар, жумладан, ҚҚС, юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқалар бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолади. Бу тадбиркорлар ва инвесторлар учун иқтисодий жозибадорликни оширишга асос бўлади, — деди вазир ўринбосари.