Ўзбекистон халқаро конвенцияга қўшилмоқда

TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалари билан) қўшилиши кутилмоқда, деб хабар беради UzA.

Ўзбекистон халқаро конвенцияга қўшилмоқда
Фото: UzA

Халқаро метрик Конвенция 1875 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик конференция доирасида 17 та мамлакат вакиллари томонидан имзоланган. Ҳозирги кунга келиб Конвенцияда 64 та давлат, жумладан, Туркия, Франция, Германия, Қозоғистон, Хитой, Корея, Япония қўшилган ҳамда 37 та давлат, хусусан, Ўзбекистон уюшган аъзо сифатида иштирок этмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу конвенцияга қўшилиш натижасида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий салоҳияти янада ошади, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлидаги ишлар жадаллашади. Яъни, халқаро савдо масалалари, жумладан, экспорт-импорт соҳасининг ажралмас қисми бўлмиш метрология соҳасида халқаро ҳамкорлик сезиларли даражада кенгаяди, мавжуд техник тўсиқлар камаяди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалари билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

"Халқ вакиллари Халқаро метрик Конвенцияга қўшилишнинг аҳамияти, муҳим жиҳатлари ва имкониятлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Қайд этилганидек, мазкур Конвенцияга қўшилиш мамлакатда ўтказилган ўлчашлар натижаларининг халқаро даражада тан олинишига эришиш ҳамда савдо ва экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли", — дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энг кўп савдо соҳасида оилавий корхоналар фаолият юритаётгани ҳақида хабар берган эди.

Сўнгги хабарлар