Ўзатом” ва “Assystem”: янги босқич
TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳрида “Ўзатом” агентлиги ва Франциянинг “Assystem” компанияси ўртасида атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида қўшма корхона ташкил этилишини назарда тутади, деб хабар беради ЎзА.

Имзоланган меморандумга мувофиқ, қўшма корхона атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, лойиҳа ечимларини танлаш ва уларни ягона концепция асосида шакллантириш билан шуғулланади. Шунингдек, корхона Ўзбекистоннинг фуқаролик ядро дастурини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини ҳам амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
Мазкур ҳужжат “Ўзатом” агентлиги раҳбари Азим Аҳмедхўжаев ва “Assystem” компаниясининг халқаро масалалар бўйича бош вице-президенти Кристиан Жанно томонидан имзоланди. Учрашувда томонлар атом энергетикаси ва илғор технологиялар йўналишидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Агентлик ахборот хизматининг маълум қилишича, “Assystem” Париждаги атом энергетикаси соҳасида фаолият юритувчи етакчи мустақил муҳандислик компанияларидан бири ҳисобланади. Компания саноат инфратузилмалари ва реакторларни лойиҳалаш, қуриш, назорат қилиш ҳамда ишга тушириш соҳаларида халқаро миқёсда хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда “Assystem” атом энергетикаси соҳасидаги мустақил муҳандислик ташкилотлари орасида жаҳондаги учинчи йирик компания сифатида эътироф этилган. Шу билан бирга, компания рақамли ечимлар ва лойиҳа бошқаруви йўналишларида ҳам бой тажрибага эга бўлиб, бутун дунё бўйлаб энергетика лойиҳаларини амалга оширишда ишончли ҳамкор сифатида танилган.