USAID Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этади
Изобель Коулман жорий йилнинг 12 февраль куни Астанага келган ва у ерда «АЛЖИР» музей-мемориал мажмуасига ташриф буюриб, оммавий қатағон қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирган эди. Дипломат АҚШ Қозоғистоннинг мустаҳкамлиги, ўзига хослиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Қозоғистон Республикаси ҳукумат вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Фото: gov.kz
14 феврал куни USAIDнинг Марказий Осиёдаги минтақавий миссияси жойлашган Алмати шаҳрида АҚШ расмийси тадбиркорлар, фуқаролик жамияти гуруҳлари ва ёшлар етакчилари билан иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга бағишланган учрашувлар ўтказди.
Коулман хоним оммавий ахборот воситалари саводхонлигини ошириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган USAID Марказий Осиё Медиа дастури доирасида Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги журналистлар ва мустақил контент ишлаб чиқарувчилари учун 15 та грант эълон қилди.
Жорий йилнинг 15 феврал куни Бишкекдаги USAID маъмурияти ўринбосари оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқаролик жамияти гуруҳлари ва хотин-қизлар жамияти етакчилари билан учрашиб, улар жамиятда иштирок этиш ва демократик институтларни қўллаб-қувватлашда дуч келаётган муаммолар ҳақида тинглади. Ҳукумат вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Томонлар Қирғизистон Республикасининг юқумли касалликларга қарши курашини кучайтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш орқали савдони кучайтириш, бизнес даромадларини ва мамлакатнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш йўлларини муҳокама қилди.
Изобель Коулман Қирғизистоннинг янги пайдо бўлган юқумли касалликлар таҳдидларини аниқлаш, олдини олиш ва даволаш бўйича салоҳиятини кучайтириш учун зарур бўлган тақдирда 4 миллион доллар ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 2 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
USAID раҳбари балиқни қайта ишлаш корхонаси ва USAID кўмагида кенгайтирилаётган аёллар тикувчилик фабрикасини, шунингдек, USAID томонидан қўллаб-қувватланадиган 1600 та давлат бошланғич мактабларидан бирини бориб кўрди.
17 феврал куни Коулман Душанбега келди. Тожикистон ҳукумати билан ўзаро устувор вазифалар, жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, инклюзив иқтисодий ўсиш ва таълим масалалари муҳокама қилинди. У USAIDнинг Тожикистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлашга содиқлигини, жумладан умумий қиймати 13 миллион доллар бўлган иккита янги грант орқали таъкидлади. Шундан сўнг у тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди ва USAID томонидан қўллаб-қувватланган Ҳисор мактабига ташриф буюриб, кўзи ожиз, кўриш қобилияти паст ёки заиф кўрувчи болаларга ёрдам бериш учун махсус ўқув материаллари, 2000 дан ортиқ янги катта ҳажмли китобларни совға қилди.
USAID маъмурияти ўринбосари Коулман ўз ташрифи давомида АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳар бир давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига содиқлигини таъкидлади.
Шунингдек, USAIDнинг АҚШ ва Марказий Осиёнинг C5+1 дипломатик ҳамкорлигининг асосий йўналишлари – иқтисодиёт, энергетика ва атроф-муҳит, шунингдек, хавфсизлик бўйича умумий мақсадларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти алоҳида таъкидланди.
Муаллиф: Рустем Қожибаев