“Ўрта йўлак”ни янада ривожлантириш катта сармоявий истиқболга эга

ASTANA. Kazinform – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал канцлери билан учрашувида ҚР Президенти умумий манфаатларга ва биргаликдаги ишларнинг асосий йўналишларига тўхталди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Қасым-Жомарт Тоқаев
Фото: Ақорда

“Биринчиси, товар айланмасини ошириш. Қўшма ҳудудий лойиҳаларни самарали амалга ошириш ҳисобига товар айирбошлаш кўрсаткичини ошириш, товарлар турини кенгайтириш муҳим вазифа ҳисобланади. Масалан, Қозоғистон Германияга 100 турдаги товар экспортини 850 миллион долларга оширишга тайёр”, – деди ҚР Президенти.

Президент энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни навбатдаги устувор вазифа деб атади.

“Қозоғистон Германияга энергия ресурсларини ишончли ва йирик етказиб берувчилардан бири сифатида Германия бозорига нефть экспортини оширишга тайёр. Келгусида углеводородлар билан узоқ муддатли ва барқарор етказиб беришни таъминлашда немис ҳамкорларимизнинг кўмагига таянишда давом этамиз. Мамлакатларимиз барқарор ривожланиши учун муқобил энергия манбаларига ўтиш бўйича ҳамкорликдаги фаолиятимизни фаоллаштириш муҳим, деб ҳисоблайман. Биз водород энергетикаси соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз. Мамлакатимизда Ўзбекистон ва Озарбайжон билан Каспий денгизи туби орқали Европа давлатларига “яшил” энергия етказиб бериш линиясини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Биз немис ҳамкорларига ушбу стратегик лойиҳада иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни тавсия қиламиз”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари саноат кооперациясини ривожлантириш, жумладан, Германияга зарур материаллар етказиб бериш ҳажмини оширишни асосий йўналишлардан бири, деб ҳисоблайди.

“Қозоғистон немис компанияларини биргаликда геологик қидирув ва нодир металларни ўзлаштиришни таклиф қилмоқда. Минтақада рудани бирламчи ва иккиламчи қайта ишлаш билан “хом ашёни технологияга алмашиш” тамойили асосида ҳамкорликни йўлга қўйишни тавсия қиламиз. Шу муносабат билан биз HMS Bergbau компанияси томонидан Шарқий Қозоғистон вилоятида литий қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилишини олқишлаймиз. Унинг нархи 500 миллион доллардан ошади. Биз немис инвесторлари учун мамлакатимиз ҳудудида қимматбаҳо ва рангли металлар конларини қидириш ва ўзлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёрмиз. Европалик ҳамкорларимиз кўмагида Қозоғистон технологик прогнозлаш маркази базасидан нодир металлар бўйича минтақавий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, – деди Қозоғистон Президенти.

Бундан ташқари, транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ўрта йўлак”ни янада ривожлантириш сармоявий нуқтаи назардан катта истиқболга эга. Хусусан, Каспий денгизидаги портларни модернизация қилиш ва рақамлаштириш, юк терминалларини қуриш борасида катта имкониятлар мавжуд. Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-логистика тизимини янада интеграциялашуви муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Қозоғистон европалик ҳамкорларнинг Global Gateway дастури доирасида “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратиш ҳақидаги қарорини олқишлайди. Германия томони ушбу йўналишни Трансевропа транспорт тармоғи ва Global Gateway стратегияси билан уйғунлаштиришда ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз”, – деди Давлат раҳбари.

Сўнгги хабарлар