Марказий Осиё – Хитой форуми: қатор ҳужжатлар имзоланди
ASTANA. Kazinform – Бугун Астанада бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой: Энергетика» форуми доирасида Қозоғистон Энергетика вазирлиги бир қатор компания вакиллари билан ҳамкорликка оид ҳужжатларни имзолади.

“Форум доирасида бир неча муҳим ҳужжатга имзо чекдик. Асосий мақсад – қўшма тадқиқот марказларини очиш. Энергетика соҳасида барқарор ва қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб бораётгани сабабли бу йўналишни аниқ режалаштириш жуда муҳим. Айниқса, рақамли технологиялар интеграцияси бугун янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Хитой энергетика компаниялари бу соҳада жаҳон миқёсида етакчилик қилмоқда. Шу боис, биз ушбу ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратамиз”, – деди Қозоғистон Энергетика вазири ўринбосари Бақитжан Илияс форум доирасида журналистларга берган изоҳида.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳамкорлик доирасида Хитой технологияларини жалб этиш, мутахассислар тайёрлаш ва қўшма корхоналарни Қозоғистон ҳудудида ташкил этиш режалаштирилган. Бу корхоналар қайта тикланувчи энергия ускуналарини маҳаллий шарт-шароитда ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади.
Форум доирасида имзоланган асосий ҳужжатлар:
- POWERCHINA билан келишув – ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва декарбонизация жамғармасини амалга ошириш бўйича стратегик шериклик.
- China Southern Power Grid билан меморандум – HVDC, рақамли энергетика ва гидроаккумулятив станциялар бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантириш.
- Huawei Kazakhstan билан меморандум – энергетикани рақамли трансформация қилиш ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорлик.
- China Energy Overseas Investment билан шартнома – Туркистон вилоятидаги «Сауран» қуёш электростанцияси лойиҳаси юзасидан.
- QazaqGaz ва China Construction Bank ўртасидаги келишув – QazaqGazнинг инвестициявий лойиҳаларини молиялаштириш.
- CNCECI билан келишув – йиллик 2 миллиард куб метр газни қайта ишлашга мўлжалланган кўмир-кимё заводи лойиҳаси учун техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш.
- Sinopec билан келишув – юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар учун технологик ҳамкорлик.
- China Energy International ва Шанхай Цзяотун университети билан келишув – водород технологиялари ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик.