Улитау металлургия, кимё, енгил саноат йўналишида катта салоҳиятга эга - Бош вазир
«Улитау металлургия, кимё, енгил саноат ва машинасозликни ривожлантириш йўналишида катта салоҳиятга эга. Қозоғистондаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи корхона Улитауда жойлашган. Вилоят аҳолисининг учдан бир қисми ушбу соҳада меҳнат қилади.
Комплекс режанинг амалга оширилиши янги ҳудудни ривожлантиришга сезиларли туртки беради ва вилоят аҳолиси фаровонлигини ошириш учун шароит яратади», - деди Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов бугунги Ҳукумат йиғилишида.
Бундан ташқари, уй-жой ва транспорт инфратузилмасини, ижтимоий соҳани ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилиб, экологик муаммолар ҳал этилмоқда. Металлургия саноати ва қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусий сармоялар ҳисобидан ўрта қувватли нефтни қайта ишлаш заводи, биоэлектростанция, кимё заводи қурилади. Энергетика соҳасида 2-Жезқазғон ИЭС қуриш, Сатбаев шаҳридаги 1-ИЭСни модернизация қилиш режалаштирилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Жезқазғанда улгуржи-тарқатиш маркази, 3 та меҳмонхона мажмуаси, дам олиш уйи қурилади. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан «Муваффақиятга йўл» деб номланган тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилади.
«Энг муҳими, 2026 йилгача 9,5 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Кўриб турганимиздек, Комплекс режа бир қатор ўта муҳим тадбирларни ўз ичига олади.
Биз ушбу ҳужжатни тасдиқлаймиз. Миллий иқтисодиёт вазирлиги ва Улитау вилояти ҳокимлиги тегишли давлат органлари билан биргаликда барча режалаштирилган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминласин», — деди Алихан Смаилов.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи