Ўқитувчи - буюк ном

ASTANA. Kazinform — Бугун Қозоғистонда дунёдаги энг улуғ, масъулиятли ва муҳим касб эгалари – Ўқитувчилар куни нишонланмоқда. Маълум вақтдан бери мамлакатимизда бу кун октябрь ойининг биринчи якшанбасида нишонланиб келинарди. 2023 йилда эса Ҳукумат қарори билан бу байрам 5 октябрга белгиланди.

Ұстаз - ұлы есім
Фото: Коллаж: Kazinform / Freepik / Астана әкімдігі

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда таълим ва илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, таълим соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми 3 баробар ортди. 1200 та янги мактаб фойдаланишга топширилди. “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида 150 та таълим муассасаси замонавий талаблар асосида барпо этилди. Шунингдек, шундай 67 та мактабнинг қурилиши олиб бориляпти.

Батыс Қазақстанда келешек мектебі есігін айқара ашты
Фото: БҚО әкімдігі

Педагогларнинг мақомини ошириш ва ижтимоий шароитини яхшилаш учун аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Махсус қонун қабул қилинди. Бугунги кунда ўқитувчиларнинг маоши 2 баробар ошди. Айни пайтда 500 мингдан ортиқ ўқитувчига қўшимча маош тўланади. 2021 йилдан бошлаб биринчи марта педагогларга «Қозоғистонда хизмат кўрсатган устоз» давлат мукофоти берила бошланди. Бугунги кунда 79 нафар ўқитувчи ушбу нуфузли унвонга сазовор бўлди. 

Ўтган йили икки нафар ўқитувчига «Қазақстанның Еңбек Ері» унвони берилди. Бу бутун педагоглар жамоасига берилган юксак баҳо бўлди. 2012 йилдан буён ўқитувчилар меҳнатини баҳолаш бўйича «Үздік педагог» кўрик-танлови ўтказиб келинарди.

Бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 752 нафар ўқитувчи ушбу номга сазовор бўлди. Педагогларнинг касбий савиясини оширишга ҳисса қўшаётган танлов ғолиблари фахрий унвон ва 1000 БҲМ (3 932 000 тенге) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар. “Таълимдаги ўзгаришларнинг минг етакчиси” лойиҳаси бошланди. Ушбу лойиҳада иштирок этган 332 нафар мутахассис мактаб директори этиб тайинланди. Ўқитувчилар ўз вазифаларига кирмайдиган қўшимча ишлардан озод этилди.

ұбт ент
Фото: Ғылым және жоғары білім министрлігі

Бундай чора-тадбирлар самарасида ўқитувчи бўлиш истагида бўлган ёшлар сафи ортди. Масалан, 2004-2005 ўқув йилида 1 минг 800 нафарга яқин «Алтын белгі» соҳиблари педагогик касбга қадам қўйган бўлса, жорий йилда 2 минг нафардан ортиқ аълочи битирувчилар ўқитувчилик касбини танлади. Бу жорий йилда битирган «Алтын белгі» соҳибларининг 23 фоизини ташкил этади.

мектеп, кітапхана, ұстаз
Фото: Александр Павский/Kazinform

Жорий йилда ўқитувчилар малакасини ошириш учун 13 мингдан ортиқ грант ажратилди. Бу - мамлакатдаги барча грантларнинг бешдан бир қисмини ташкил этади. Педагогика йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун стипендиялар сўнгги беш йил ичида икки баробарга ошиб, янги ўқув йилидан бошлаб 84 минг тенгега етди. 2025-2026 ўқув йилида Қозоғистон таълим муассасаларига 10 мингдан ортиқ ёш ўқитувчилар ишга қабул қилинди.

сынып, мектеп, ұстаз
Фото: Әділет Беремқұлов/Kazinform

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида Бутунжаҳон ўқитувчилар куни нишонланади. Ўқитувчилар куни - барча таълим ходимлари учун умумий касб байрамидир. 

Бу кун ўқитувчилар жамоасининг жамият тараққиётидаги ўрни ва меҳнати, бунга қўшган улкан ҳиссаси нишонланади.

Бутунжаҳон ўқитувчилар кунининг таъсис этилишига 1966 йил 5 октябрда Парижда ўқитувчиларнинг мақомига бағишланган махсус ҳукуматлараро конференция сабаб бўлди. 

Натижада ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари “Ўқитувчиларнинг мақомига оид тавсиялар” ҳужжатини имзоладилар. Бутунжаҳон ўқитувчилар куни биринчи марта 1994 йил 5 октябрда нишонланган.

Сўнгги хабарлар