UFC, бокс, эркин кураш, каратэ, хоккей, шахмат: Қозоғистон спортчиларининг ютуқлари

UFC, бокс, эркин кураш, каратэ, хоккей, шахмат: Қозоғистон спортчиларининг ютуқлари
Коллаж: instagram.com/shavkatrakhmonov94, instagram.com/janibek_alimkhanuly, instagram.com/rr1zabek, instagram.com/moldir_zhangbyrbay, gov.kz, instagram.com/alisher.suleymenov

Ўтган йил давомида қозоғистонлик спортчилар кўплаб салмоқли ютуқларга эришдилар. Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатганлар шоҳсупага кўтарилган бўлса, унда қатнаша олмаганлар мағлубиятнинг аччиқ таъмини тотди. Шу муносабат билан Кazinform қуён йилини сарҳисоб қилиб, спортчиларнинг спортдаги йирик ғалабаларини ўқувчи эътиборига ҳавола этади.

Раҳмонов
Фото: Шавкат Раҳмоновнинг Іnstagram саҳифаси

 

UFCдаги қозоқлар

Бугун Асу Алмабаев, Дамир Исмағулов, Жалғас Жумағулов, Азат Максим, Сергей Морозов, Мария Агапова каби жаҳоннинг энг машҳур лигаси бўлган UFCда қатнашиб, ютуқлари билан ҳамюртлар олқишига сазовор бўлган спортчилар бор. Улар орасида Шавкат Раҳмоновнинг нуфузи баланд. 17 декабрь куни АҚШ турнесида иштирок этган қозоғистонлик спортчи америкалик жангчи Стивен Томпсонга қарши жанг ўтказди ва иккинчи раундда рақибини нокаут эвазига мағлуб этди. Шу тариқа, Шавкат Раҳмонов спорт фаолиятидаги 18, UFCдаги 6-ғалабасини қўлга киритди. Ҳали мағлубиятнинг аччиқ таъмини тотмаган Шавкат айни дамда ушбу лига камари учун асосий даъвогарлардан бири саналади. Шу йилнинг март ойида Раҳмонов ўзининг 17-жангида ғалаба қозонгач, AMC Fight Nights League президенти Камил Гаджиев UFC чемпиони бўлиш имкониятларини баҳолаган эди.

“Шавкат жуда яхши келаётир, чиройли кўринади, яхши гапиради. Умуман олганда, унда чемпионлик камари учун курашиш учун ҳамма нарса бор. Лекин, яна айтаман, муаммо шундаки, унга ўхшаган яна уч-тўртта кучли одам бор. Улардан қайси бири кучлироқ? Менимча Шавкат бўлади. Буни келгуси йил аниқлаймиз”, - дейди Гаджиев.

Қайд этиш керакки, Шавкат Раҳмоновдан ташқари бу йил Асу Алмабаев UFCдаги илк жангини америкалик тажрибали жангчи Оди Осборнга қарши ўтказди. Мураккаб баҳснинг 2-раундида у рақибини бўғиш усулида мағлуб этди. Бу Алмабаевнинг ММАдаги 18-ғалабаси ва UFCдаги илк ғалабаси.

Яна бир ҳамюрт Азат Максим (16-0) UFCдаги илк жангини америкалик жангчи Тайсон Нэмга (21-13-1) қарши ўтказди. Бу енгил вазн тоифасидаги сўнгги жанг бўлиб, уч раундга чўзилди. Жангда ҳакамлар қарорига кўра Азат Максим ғалаба қозонди. Шу тариқа, у ММАдаги профессионал фаолиятидаги 17-ғалабасини қўлга киритди.

Алимханули
Фото: Top Rank

 

Профессионал боксдаги қозоқ услуби

Жанибек Алимханули (15-0, 9 КО) профессионал бокс майдонида чақмоқдек ярқираб, порлаётган боксчилардан биридир. Октябрь ойида у АҚШнинг Техас штатидаги Розенберг шаҳрида бўлиб ўтган бокс тадбирида иштирок этди. WВО ва IBF йўналишларида икки ўрта вазн тоифасидаги камарлар учун жангда Жанибек рақиби германиялик боксчи Винченцо Гуальтьерини 6-раундда техник нокаут билан мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилди.

Шундан сўнг Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев уни табриклади.

“Жанибек Алимханулни WВО ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони унвонлари учун жангдаги ёрқин ғалабаси билан табриклайман. Жанибек қозоқ бокс мактабининг юксак савияси ва кучини бутун дунёга яна бир бор намоён этди. Бу ғалаба ёш боксчиларни юксак марраларни забт этишга ундайди. Сизга катта соғлик ва фаровонлик тилайман. Ғалаба бардавом бўлсин!" — деб ёзди президент Х (собиқ Twitter) ўз саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Винченцо Гуальтьерини мағлубиятга учратган Жанибек Алимханули интервью бериб, келажакдаги режалари билан ўртоқлашди.

“Бу - қозоқ услуби, биз уни тарихда қолдирмоқчимиз. Ҳозир менда иккита чемпионлик унвони бор. Энди мен двизиондаги тўртта камарни тўпламоқчиман. Агар Top Rank ташкил қилса, мен бунга тайёрман”, - деди Жанибек Алимханули.

Айтмуқан
Фото: ҚР МОҚ

 

Мустақил Қозоғистоннинг эркин кураш бўйича биринчи жаҳон чемпиони

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Сербия пойтахти Белград шаҳрида кураш турлари бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Ушбу йирик мусобақада юрт шарафини ҳимоя қилган Ризабек Айтмуқан барча учрашувларда ғалаба қозониб, мустақил Қозоғистоннинг эркин кураш тарихидаги илк жаҳон чемпиони бўлди.

Ризабек Айтмуқан финалга қадар венгриялик Балаж Юхасни 13:3, кейин туркиялик Фейзулла Актуркни 11:0 ҳисобида енгди. Ярим финалда эса грузиялик Мириани Майсурадзе устидан ғалаба қозонди. Финалда озарбайжонлик Усмон Нурмагомедов устидан ғалаба қозонди ва чемпионликни қўлга киритди.

Яқинда Ризабек олимпия вазни ҳисобланган 97 кг га ўтди. Энди у 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Жаҳон кураш ташкилоти (UWW) қозоғистонлик полвоннинг олимпия вазнига ўтиши эълон қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда умидли курашчилар бешлиги номини эълон қилди.

“Ҳозир юлдузи порлаётган бу беш полвонга эътибор қаратиш керак. Улардан қайси бири биринчи бўлиб Олимпия медалини қўлга киритади?" - дейилади хабарда.

Демак, UWW ташкилотининг энг яхши курашчилари рўйхатига Ризабек Айтмуқан, баҳрайнлик Аҳмад Тажудинов, озарбайжонлик Ҳасрат Жаъфаров, япониялик Акари Фуджинами ва америкалик Амит Элор киритилган.

Каратэ
Фото: Спортни ривожлантириш дирекцияси

 

Мустақил Қозоғистоннинг каратэ бўйича биринчи жаҳон чемпиони

30 октябрь куни Венгрия пойтахти Будапештда каратэнинг WKF йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси тарихий натижага эришди. Аниқроғи, 50 кг вазн тоифасида рингга чиққан Мўлдир Жанбирбай барча рақибларини ортда қолдирди ва мустақил Қозоғистон тарихида WKF каратэ бўйича катталар ўртасида илк олтин медални қўлга киритди.

Шундан сўнг Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев спортчини қабул қилиб, Президентнинг махсус ташаккурномасини топширди. Учрашувда вазир спортчиларнинг жаҳон чемпионатидаги ютуқларини юқори баҳолаб, уларга келгусида юрт шарафи синовдан ўтадиган муҳим турнирларда муваффақиятли иштирок этишларини тилади.

– Мамлакатимизда кейинги йилларда каратэ спорти жадал ривожланмоқда. Бунда сизларнинг ҳиссангиз жуда катта. Ҳар иккингиз Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинларида медаль соҳиблари қаторидан жой олиб, мухлисларни хурсанд қилдингиз. Яқинда жаҳон чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан кўриндингизлар. Келгусида юрт шарафи синовдан ўтадиган муҳим турнирларда муваффақиятлар тилайман, - деди Ермек Маржиқпаев.

Эслатиб ўтамиз, Мўлдир Жанбирбай Токио Олимпиадасининг ярим финалида япониялик Михо Мияхарага ютқазиб, мусобақани якунлаган эди. Келгуси йил Париж Олимпиадасида эса Ватан шарафини ҳимоя қилиш, мамлакат байроғини баланд кўтариш учун бор кучини ишга солиши аниқ.

Хоккей
Фото: Виктор Федюнин/Kazinform

 

Хоккей бўйича тарихий ғалаба

Спорт усталарининг тарихий ғалабаси хоккейда ҳам қайд этилди. 20 декабрь куни хоккейчилар Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ташкил этилган хоккей бўйича ёшлар ўртасидаги IA дивизионида жаҳон чемпиони бўлди. Дастлабки тўртта ўйинда Венгрия, Франция, Дания ва Япония терма жамоаларини мағлубиятга учратган улар сўнгги учрашувда Австрия ёшларига булитлар серияларда имкониятни бой беришди.

Мусобақа якунида Сергей Старигин шогирдлари 13 очко билан гуруҳ ғолиби бўлди. Франция терма жамоаси иккинчи, данияликлар учинчи ўринни эгаллади. Миллий терма жамоа дарвозабони Владимир Никитин турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.

Ёшлар жамоасининг ушбу ғалабасидан сўнг Қозоғистон тарихий муваффақиятга эришди. Шу боис 2024 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олий дивизионида Қозоғистоннинг учта терма жамоаси – ўсмирлар, ёшлар ва катталар терма жамоаси иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

“Бу йил хоккей бўйича барча ёшдаги терма жамоаларимиз ажойиб натижаларга эришиб, тарихда илк бор жаҳон чемпионатининг элит дивизионида иштирок этишди. Бу натижалардан кўриниб турибдики, хоккей мамлакатимизда жадал ривожланмоқда. Йигитлар халқаро майдонларда юрт шарафини ҳимоя қилиб, Қозоғистон хоккей мамлакати эканлигини исботлади”, — деди Туризм ва спорт вазири Ермек Маржиқпаев.

Шахмат
Фото: Kazinform

 

Шахмат қироллари

Бугун Қозоғистон шахмат державасига айланди, десак муболаға бўлмайди. Халқаро мусобақаларга борган шахматчиларнинг ҳеч бири ватанига совринсиз қайтмади. Ҳатто атоқли спортчиларни мағлуб этган ватандошлар ҳам бор. Масалан, беш карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсен Қатар Мастерс турнирида қозоғистонлик 23 ёшли гроссмейстер Алишер Сулайменовга ютқазгани ва муваффақиятсизлигини “рақиб қўлидаги соат туфайли консентрацияни йўқотгани” билан изоҳлагани эсга олинди.

Зейнеп Султанбек иқтидорли ёш шахматчилардан биридир. У 7 декабрь куни Шри-Ланкада шахмат бўйича қизлар ўртасида ўтказилган Ғарбий Осиё чемпионатида мутлақ чемпион бўлди. Туркистон вилояти шахматчиси тезкор шахмат бўйича чемпионатда рақибларидан устунлик кўрсатиб, сўнгра классик турнирда ғолибликни қўлга киритди. Финалда эса у блиц бўйича энг яхши бўлди. Натижада учта олтин медал қўлга киритилди.

16 октябрь куни Италиянинг Пула шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қозоғистонлик Ксения Балабаева блиц чемпиони бўлган бўлса, Амина Қайирбекова кумуш медални қўлга киритди. Қозоғистонлик иккала шахматчи 8,5 очко жамғариб, мусобақани дуранг билан якунлади. Ксения фақат қўшимча кўрсаткичларда олтин медални қўлга киритди.

27 октябрь куни Мисрнинг Шарм-аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 10 ёшгача бўлган болалар ўртасида Данис Куандиқули биринчи ўринни эгаллади.

13 июнь куни Грузиянинг Батуми шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц турлари бўйича кадетлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати якунланди. Швейцария тизими бўйича 11 турдан иборат ушбу мусобақада 35 давлатдан 450 нафардан ортиқ спортчи иштирок этди. 6 кун давом этган мусобақада Қозоғистон терма жамоаси спортчилари 2 та олтин ва 4 та кумуш медални қўлга киритди. Аяру Алтинбек (U-14) ва Зарина Нурғалиева (U-14) чемпионликни қўлга киритди.

15 май куни 16 ёшли Алуа Нурманова глобал Pro Chess League финал босқичида амалдаги жаҳон чемпиони хитойлик Цзюй Вэньцзюнни мағлуб этди. Шу куни Бибисара Асаубаева Берлинда ўтказилган Armageddon Women’s Chess Week турнирида энг яхши натижага эришди.

24 апрель куни Грециянинг Родос шаҳрида шахмат бўйича 9 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Аланна Берикқизи классик шахмат бўйича ажойиб натижалар билан чемпион бўлди. Швейцария тизимида 9 ўйиндан 8 тасида ғалаба қозонган. Ҳал қилувчи баҳсда у асосий рақиби мўғулистонлик Целмуун Идер (8 очко) устидан ғалаба қозонди. Амина Қайирбекова мазкур мусобақада мамлакатдан чиққан иккинчи чемпион бўлди. У 17 ёшгача бўлганлар тоифасида 8 та ғалабага эришди ва туркиялик Зейнеп Чифтинни (7,5 балл) ортда қолдирди.

Сўнгги хабарлар