Туркиядан Қозоғистоннинг 13 фуқароси ва уларнинг оила аъзолари самолётда мамлакатга жўнатилди

«17 феврал куни Қозоғистон элчихонаси томонидан уюштирилган Туркиядаги зилзила содир бўлган вилоятлардан Қозоғистоннинг 13 нафар фуқароси ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Туркиянинг 2 нафар фуқароси Алмати шаҳрига олиб келинди», - деб ёзади Туркиядаги дипломатик ваколатхонаси Facebook саҳифасида.
17 феврал куни Қозоғистондан 55 тонна гуманитар юк ортилган самолёт Туркиянинг Газиантеп шаҳрига қўнганини аввалроқ ёзган эдик.
Ўз навбатида Туркиянинг Қозоғистондаги элчихонаси Facebook саҳифасида Қозоғистон давлати томонидан йиғилган хайрия миқдори 4 миллион доллардан ошганини ёзди.
Маълумотларга кўра, 16-17 феврал кунлари зилзила қурбонларига ёрдам сифатида 411 622 АҚШ доллари йиғилган. Улар Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) ҳисобига ўтказилди. Шундай қилиб, Қозоғистон Республикасидан хайрия қилинган маблағларнинг умумий миқдори 4 028 466 АҚШ долларини ташкил этади.
Туркиядаги зилзила қурбонлари учун қозоғистонликлар томонидан йиғилган маблағ миқдори 16 феврал куни 3,6 миллион долларни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев фармойиши билан Туркия Республикасига 1 миллион доллар инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратди.
Шу кунгача қозоғистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 7 кишини қутқариб, 88 кишининг жасадини олиб чиқди.
Бу мамлакатда 6 феврал куни 7 магнитудадан ортиқ кучли зилзила содир бўлди. Зилзиладан кейин 4 мингдан ортиқ ер силкинишлари қайд этилган.
Охирги маълумотларга кўра, табиий офатлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 36,1 мингдан ошган, 108 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.
Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан Сурия, Ливан, Кипр ва Ироқда ҳам сезилган.