Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 30 мингга етди

None
ANKARA. Kazinform – Туркиядаги даҳшатли табиий офатда ҳалок бўлганлар сони 30 мингга етди. Бу ҳақда мамлакатнинг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқрмаси (AFAD) маълум қилди, дея хабар беради Kazinform Анадолу агентлигига таяниб.

AFAD маълумотларига кўра, марказлари Қаҳраманмарашнинг Пазарджик ва Эльбистан туманларида бўлган икки зилзиладан кейин 2 412 та афтершок қайд этилган.

Вайронкор зилзила қурбонлари сони Туркия вақти билан соат 15:55да 29 605 кишига етди.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркияда магнитудаси еттидан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлган эди. Юзлаб ер силкинишлари ортидан содир бўлган зилзила мамлакатнинг 10 та провинциясида, шунингдек, қўшни давлатларда ҳам сезилган. Улардан бири Сурия бўлиб, бу ерда қурбонлар сони 3 574 нафарга етди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ҳам Туркияда қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда. Улар 7 кишини қутқариб, тиббиёт ходимларига топширди. Вайроналар остидан ҳалок бўлган 19 киши, жумладан бир бола жасади чиқарилди.

Зилзила қурбонлари орасида қозоғистонликлар ҳам бор. Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 7 февраль куни вазирликнинг тез ёрдам хизматига зилзиладан сўнг 4 нафар дўст мулоқот қила олмагани ҳақида қўнғироқ қилинган. Улардан бири Сабина Мамадярова тирик топилиб, қўли операция қилинди. Мирболат (Мирус) Қурмашев ва Адил Қадирбековларнинг жасадлари топилиб, марҳумларнинг жасадлари мамлакатимизга олиб келинди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Туркияда содир бўлган зилзила оқибатида Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Шунингдек, Туркиянинг айрим ҳудудларида қутқарувчилар қидирувни тўхтатишга мажбур бўлгани хабар қилинган.


Сўнгги хабарлар