Туркия президенти Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосарини тақдирлади

ASTANA. Kazinform – 25 апрель куни Туркия Республикасининг Анқара шаҳрида мамлакатдаги зилзила оқибатларини бартараф этишда қутқарув бўлинмаларига раҳбарлик қилган фавқулодда вазиятлар бўлимлари вакиллари тақдирланди, деб хабар беради Kazinform.
None

Мукофотга сазовор бўлган 80 дан ортиқ давлат вакиллари орасида Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Иброҳим Қулшимбаев ҳам бор, у зилзила оқибатларини бартараф этишга кўмаклашгани учун медаль билан тақдирланган. Давлат мукофотини Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған топширди.

«Яна бир бор қардош турк халқига ҳамдардлик билдираман. Одамлар ҳаётини сақлаб қолишда иштирок этган барча инсонларга, қутқарувчиларга ва дипломатик корпусга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Биз Туркия халқи тез орада табиий офат оқибатларини енгиб ўтишига ишонамиз!» – деди Иброҳим Қулшимбаев.

Туркиянинг учта ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари бошланганидан бери Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан 7 киши қутқариб олинди. 88 кишининг жасади топилди, улардан 10 нафари болалар. Қозоғистонлик қутқарувчилар 250 минг куб метрдан ортиқ вайроналарни қўлда, шунингдек, муҳандислик техникаси, авария-қутқарув ускуналари, хандақ қазиш асбоблари ёрдамида тозалаб чиқди.

Шунингдек, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Фармони билан ҳам Туркияда қидирув-қутқарув ишларини олиб борган мутахассислар давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида даҳшатли зилзила содир бўлган. Зилзила эпимаркази Туркиянинг Қаҳраманмарас вилоятининг Пазарджик туманида жойлашган. Сўнгги маълумотларга кўра, бу мамлакатда 46,1 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 26 мингдан ортиқ бино вайрон бўлган.

Фото: gov.kz


Сўнгги хабарлар