Туркий давлатларнинг махсус хизматлари террорчилик таҳдиди юзага келган тақдирда ҳамкорлик қилишга келишиб олди
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари, Россия ва Венгрия махсус хизматлари делегациялари кузатувчи сифатида иштирок этган.
Учрашувда Яқин Шарқ ва Афғонистондаги террорчилик фаоллиги зоналаридаги мавжуд вазият шароитида туркий давлатларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида махсус хизматларнинг ўзаро ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчилари Афғонистон ва Сурия қуролли можаролари ҳудудидан келиб чиқувчи ҳамда терроризм ва диний экстремизмнинг тарқалиши билан боғлиқ террорчилик таҳдидларини бартараф этиш ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини келишиб олдилар.
Учрашув доирасида Қирғизистон Республикаси Президенти туркий давлатлар махсус хизматлари раҳбарлари билан учрашди. С.Жапаров йиғилиш иштирокчиларига мурожаатида туркий давлатлар манфаатларига дахлдор ташқи чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликдаги ишларда яқин ҳамкорлик ва махсус хизматларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан очиқ мулоқот ва эшитилган маърузалар юзасидан фикр алмашилди, якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш бўйича қарор қабул қилинди.
Туркий давлатлар махсус хизматлари конференцияси 1998 йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси халқаро характердаги уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ва махсус хизматлар фаолиятининг келишилган бошқа йўналишларида самарали ҳамкорликни таъминлашдан иборат.
Фото: kabar.kg