Туркий давлатлар ўртасида юк ташишни ривожлантириш бўйича қўшма қўмита ташкил этилади
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Сенати “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.

Қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилган сенатор Амангелди Нуғмановнинг сўзларига кўра, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битим 2022 йил 11 ноябрда Ўзбекистонда Туркий Давлатлар Ташкилоти давлат раҳбарлари иштирокидаги 9-саммит доирасида имзоланган.
Битимнинг мақсади турли транспорт турларидан фойдаланган ҳолда халқаро юк ташишни осонлаштириш, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида транзит ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
“2023 йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида юк ташиш ҳажми 35 миллион тоннани ташкил этди. Бу 2022 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. 2022 йилда у 29 миллион тоннани ташкил этган эди. Бугунги кунда Транскаспий халқаро транспорт йўналиши кўплаб мамлакатлар учун ҳамкорликнинг стратегик лойиҳасидир. Хитой, Марказий Осиё ва Европани боғлайдиган ушбу транспорт артерияси “Макон ва йўл”нинг континентал кўприги бўлиб, юк ташиш вақтини икки баробарга қисқартиради ва транспорт харажатларини сезиларли даражада камайтиради”, — деди у.
Сенаторнинг сўзларига кўра, мазкур транспорт йўналишини ривожлантириш мақсадида темир йўл, порт инфратузилмасини модернизация қилиш, ҳаракатланувчи таркиб ва савдо паркини кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ақтау портида “контейнер хаби” қурилади. Мазкур лойиҳа юк ташиш ҳажмини йилига қўшимча 300 минг контейнерга етказиш имконини беради.
“Кўриб чиқилаётган қонун темир йўл, сув ва автомобиль транспортининг замонавий тизимларини ривожлантиришга, поездларнинг божхона тартиб-қоидалари орқали ўтишини тезлаштириш учун олдиндан маълумот алмашишни таъминлашга, шунингдек, юк ташиш билан боғлиқ рақамли технологияларни жорий этишга хизмат қилади. Битим нормаларига мувофиқ Туркий давлатлар ўртасида транспортни ривожлантириш бўйича қўшма қўмита ташкил этилади. Битим Қозоғистон орқали транзит юк ташиш ҳажмини янада ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратади ва мамлакатнинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади”, — деди Амангелди Нуғманов.