Туркистонга алоҳида мақом берилса, нима ўзгаради
Туркистон шаҳрига алоҳида мақом бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тез орада Парламентга киритилади. Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди маълум қилди, дея хабар беради Кazinform.

“Туркистонга алоҳида мақом бериш тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаш ташаббуси кўтарилди. Қандай муаммо мавжуд? Агар шундай қонун қабул қилинса, у мақом шаҳарга нима беради?”, — деб сўради журналист Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда.
Ҳокимнинг айтишича, бутун Туркистон халқи бу лойиҳани кутмоқда.
“Президентимиз ўтган йили ҳудудга ташрифи чоғида Туркистон маънавий-тарихий марказ бўлишга лойиқ эканини айтиб, унга алоҳида мақом беришни таклиф қилган эди. Биз ўша таклифни иш жараёнига киритдик ва ҳозирда махсус қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, марказга тақдим этдик. Яъни, марказий давлат идоралари бунга кўриб чиқмоқда. Асосан, биз уларнинг розилигини олдик. Яқин кунларда Ҳукумат розилиги билан Парламентга киритамиз. Умуман, Туркистон энг қадимий шаҳарлардан бири эканини биласиз. ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси бор”, — деди у.
Вилоят раҳбари Туркистондаги тарихий масканларни шу ҳолатда асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш бугунги авлоднинг зиммасида эканини эслатди.
“Шунинг учун алоҳида мақом, таъбир жоиз бўлса, қўшимча имкониятлар беради. Бу бизга турли қарорлар қабул қилиш ва тегишли ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради. Иккинчидан, шаҳарнинг маънавий-маданий юксалишига туртки бўлмоқда. Мақбара ва биноларни тартибга солиш керак. Туркистон шаҳрининг ўзига хос услуби бўлиши лозим. Шу муносабат билан қурилиш кенгаши тузилади. Шаҳар маслиҳатига 65 тага яқин ваколатлар берилади”, — деди вилоят ҳокими.