Туркистон вилоятида манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сони камайди

TÜRKISTAN. Кazinform - Туркистон вилоятида камбағаллик даражасини пасайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу масала Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалдининг бевосита назоратида. Вилоятда сармоя жалб этиш, ишсиз аҳолини самарали иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, “Қишлоқ омонати” лойиҳасини амалга ошириш, кам таъминланган оилалар даромадини камида 15 фоизга ошириш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Туркистон вилоятида манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар сони камайди
Фото: Мухтор Холдорбеков/ Kazinform

Шартли пул ёрдами олувчиларнинг 34 минг 525 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаролари фаол бандлик тадбирларига жалб этилди. Жумладан: 9562 нафар доимий иш ўринлари, 611 нафари ижтимоий иш ўринлари, 106 нафари “Ёшлар амалиёти”, 1322 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишлари, 34 нафари қисқа муддатли касб-ҳунар таълимига жалб этилди. 106 нафар фуқаро солиқ органларидан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, ўз бизнесини очди.

Вилоятда давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан ташқари «Қамқорлық» (“Ғамхўрлик”) дастури ҳам ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унинг мақсади хайрия тадбирларига ҳомийларни жалб қилиш ва оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат. 2023 йилда «Қамқорлық» дастури орқали 993 та оилага 292,7 миллион тенге миқдорида ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Жорий йилда 635 оилага 94,8 миллион тенгелик ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, вилоятда ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг тўғри йўлга қўйилиши ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Манзилли ижтимоий ёрдам тайинланишининг тўғрилиги устидан назорат олиб борилмоқда. Натижада қонунбузарликларни бартараф этиш, ноқонуний тўланган маблағларни бюджетга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ахборот тизими доимий равишда такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунда ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат этувчиларнинг деярли барча даромадлари ахборот тизимида кўзга ташланади. Махсус ижтимоий ёрдам тайинлаш жараёни ва тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўплами оптималлаштирилди.

"2025 йилдан бошлаб манзилли ижтимоий ёрдам тайинлашнинг янги усулини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ерда даромадлар билан бирга оилаларнинг ҳаражатлари ҳам ҳисобга олинади. Ижтимоий ёрдам фақат меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож фуқароларга берилади.“2023 йил охирига келиб Туркистон вилоятида ижтимоий ёрдам олувчилар сони 157,7 минг кишини (27 039 оила) ёки вилоят аҳолисининг 7,4 фоизини ташкил қилди. Бу 2022 йилга нисбатан 20,5 фоизга камайган (2022 йил — 198,4 минг киши). Манзилли ижтимоий ёрдам олувчиларни иш билан таъминлаш чора-тадбирларига жалб этиш бўйича олиб борилган фаол ишлар туфайли камбағаллик даражасини пасайтириш таъминланди. 2024 йил 1 сентябрь ҳолатига ижтимоий ёрдам олувчилар сони 89,2 минг кишини ёки вилоят аҳолисининг 4,1 фоизини ташкил этди. 2023 йилнинг мос даврига нисбатан кам таъминланган фуқаролар сони 62,4 минг кишига ёки 41,2 фоизга камайган. Манзилли ижтимоий ёрдам олувчиларнинг бандлиги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда ва 2024 йилнинг 8 ойида 22,4 минг нафар меҳнатга лаёқатли, манзилли ижтимоий ёрдам олувчиларнинг 15,7 минг нафари ёки 70,4 фоизи бандлик тадбирларига жалб этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида яшаш даражасидан паст бўлган аҳоли улуши 2020 йилга нисбатан 4,3 фоизга, 7,9 фоизни ташкил этди. 2024 йил охиригача камбағаллик даражасини 5,5 фоизга, ижтимоий ёрдам олувчилар сонини эса 26 фоизга камайтириш режалаштирилган”, — дейилади Туркистон вилояти ҳокимлиги томонидан тарқатилган хабарда.

 

Муаллиф: Қайрат Зайнишев

Сўнгги хабарлар