Туркистон вилоятида Дарбаза – Мақтаарал янги темир йўл линияси қурилиши бошланди
Туркистон вилоятида 152 км узунликдаги Дарбаза – Мақтаарал янги темир йўл линияси қурилиши бошланди. Теллекўприк орқали ишга Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов старт берди, дея хабар беради Каzinform Қозоғистон Ҳукумати раҳбари матбуот хизматига таяниб.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғи билан республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Қозоғистон-Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги назорат-ўтказиш пункти очилади.
Умуман, йил бошидан буён Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида юк ташиш ҳажми 25,8 миллион тоннани ташкил этди. Асосий юк оқими бугунги кунда ўз қувватига эга бўлган Сариағаш давлатлараро станцияси орқали ўтади.
Янги темир йўл линиясининг қурилиши мавжуд Сариағаш – Тошкент участкасидан юкларни янги линияга йўналтириш, Сариағаш станцияси юкламасини тушириш ва бутун Ўзбекистон йўналиши бўйича экспорт ташиш ҳажмини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, лойиҳа Туркистон вилоятини республиканинг асосий темир йўл тармоғига улаш орқали унинг ривожланишига ҳисса қўшади.
Бош вазир ўз нутқида бугун Қозоғистонда яна бир муҳим воқеа бўлаётганини таъкидлади.
– Темир йўллар давлатимиз иқтисодий ва ижтимоий соҳалари тараққиётини таъминловчи пўлат артериядир. Ўтган йили Қозоғистон мустақиллигининг 30 йилидаги максимал юк ташиш ҳажми 245 миллиард тонна-километрни ташкил этди. Бу йил ҳам юқори кўрсаткичлар давом этмоқда, — деди Алихан Смаилов.
Ҳукумат раҳбари йил охирига қадар Ўзбекистон билан юк ташиш ҳажми қарийб 31 миллион тоннани ташкил этиши режалаштирилганини, бу ўтган йилга нисбатан 16 фоизга юқори эканлигини таъкидлади.
-Ушбу участканинг имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш мақсадида биз йирик темир йўл лойиҳаси – Дарбаза – Мақтаарал янги линияси қурилишини бошлаяпмиз, – деди Бош вазир.
Лойиҳа икки босқичга бўлинган. Биринчиси, Ўзбекистон давлат чегараси бўлган Сирдарё станциясига чиқадиган Ердаут-Мақтаарал линиясини қуришни назарда тутади.
Иккинчи босқичда Ўзбекистон давлат чегарасидаги шу станцияга чиқиш имконияти бўлган – Жетисай филиали фойдаланишга топширилади. Жами 152 км темир йўл қурилади. Лойиҳани амалга ошириш учун 19,7 минг тонна рельс, шунингдек, 280 минг дона темир-бетон шпал ва рельс маҳкамлагичлари харид қилиш режалаштирилган.
Янги темир йўл линиясининг қурилиши 3400 иш ўрни яратиш имконини беради. Лойиҳада Қозоғистон таркибининг улуши 85 фоизни ташкил этади.
Бош вазир темир йўлнинг биринчи қисмини ётқизишдан сўнг барчани иш бошланиши билан табриклади ва лойиҳани ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
“ҚТЖ” МК” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари Қанат Алмағамбетовнинг таъкидлашича, Дарбаза – Мақтаарал линияси Туркистон вилоятининг икки чекка тумани – Мактаарал ва Жетисайни Қозоғистоннинг қолган қисми билан боғлайди.
- 9 та станция қурилади. Темир йўл Қозоғистондан ушбу ҳудудларга ва бу ҳудудлардан Қозоғистонга тўғридан-тўғри юк ташиш имконини беради. Чунки ҳозир улар Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишга мажбур. Бу ҳудудларнинг ривожланишига таъсир қилади. Қурилишдан сўнг улар янги жиддий туртки оладилар, - деди у.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг транзит салоҳияти ҳам сезиларли даражада ошади.
– Афғонистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга кетаётган юклар бу линия орқали тезроқ ўтади. Яна бир таъсир: Сариағаш-Тошкент участкасида тирбандлик пасаяди. Сўнгги йилларда у ерда жуда кўп юк бор эди. Қурилиш ушбу асосий участкада тирбандликни бартараф этишга ва йўловчи поездларининг ҳаракатланишига ёрдам беради, — деди Қанат Алмағамбетов.
Шунингдек, у Покистон орқали Ҳиндистонга темир йўл қуриш масаласи муҳокама қилинаётганини айтди. Дарбаза-Мактаарал линиясининг ишга туширилиши эса Қозоғистоннинг ушбу стратегик йўналишни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси бўлади.
- Юк ташиш қўшимча равишда 10-14 миллион тоннага ошишини тахмин қиламиз. Келажакда эса 20-25 миллион тоннагача ошириш мумкин. Тошкент узелини айланиб ўтган ушбу участка ҳар икки йўналишда ҳам анча тез юк ташиш имконини беради, — дея хулоса қилди Қанат Алмағамбетов.
Таъкидлаш жоизки, Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини янада кенгайтириш доирасида Ҳукумат томонидан темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Дўстлик-Мўйинти” участкасида иккинчи йўл ва Алмати шаҳрини айланиб ўтувчи янги темир йўл қурилиши ҳозирдан бошлаб юборилмоқда. Яқин келажакда Хитой билан учинчи халқаро туташувга чиқадиган Бахти – Аягўз янги темир йўл линиясини қуриш ишларини бошлаш режалаштирилган. Умуман олганда, уч йил ичида республикада 1300 километрдан ортиқ темир йўл қурилади.