Туркистон вилоятида 120 мингга яқин иш ўрни очилади

TÜRKISTAN. Кazinform - Туркистон вилоятида камбағаллик ва ишсизликка қарши курашиш, ижтимоий соҳадаги камчиликларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни самарали сарфлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мониторинг ва текширишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими ўринбосари Бейсенбай Тажибаев раислигида йиғилиш ўтказилиб, бу борадаги ишлар муҳокама қилинди. Масъул бошқарма ва муассаса раҳбарининг ҳисоботи тингланди.

Туркистон вилоятида 120 мингга яқин иш ўрни очилади
Фото: Астана ҳокимлиги

Вилоят Бандликни мувофиқлаштириш ва ижтимоий дастурлар бошқармаси бошлиғи Асия Темирбаеванинг жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик даражасини пасайтириш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Унга кўра, вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган 2024 йилга мўлжалланган “Ҳудудий бандлик харитаси” доирасида 118 минг 900 та иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шу жумладан, 74,1 минг нафар кишини доимий, 44,8 минг нафар кишини вақтинчалик иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган. 2024 йил 3-чорак маълумотларига кўра, “Ҳудудий харита” бўйича 88,9 минг киши иш билан таъминланган. Уларнинг 46,2 минг нафари доимий иш ўрнига эга бўлди, 42,7 минг вақтинчалик иш ўринлари очилди. Бугунги кунда режа 74,8 фоизга бажарилган. Иш билан таъминланганларнинг 96 фоизи билан электрон шартнома тузилиб, жами 85,7 фоиз пенсия ўтказмалари тўланди.

Жорий йилда вилоятда «Еңбек» йўналиши доирасида 98 минг 200 нафар фуқарони иш билан таъминлаш чора-тадбирларига юбориш режалаштирилган бўлиб, амалда 69 минг 400 нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинди. Йиллик режа 70,7 фоизга бажарилди. Уларнинг 27,3 минг нафари доимий иш билан таъминланган.

Йиғилишда “Меҳнат ҳарактчанлиги” маркази директори Абзал Қазанқапов “Меҳнат ҳаракатчанлиги” ва “Карьера” марказларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳақида маъруза қилди.

Вилоятда давлат маблағларининг мақсадли сарфланиши ва қонун бузилишининг олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, имтиёзли иш ўринларига юборилаётган фуқароларнинг меҳнат тартибига риоя этилиши устидан назорат олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар Сариағаш, Мақтаарал, Жетисай, Қазиғурт туманлари ва Туркистон шаҳрига ишга юборилган фуқароларга қўнгироқ қилиш йўли билан сўровлар ўтказилди. Натижада ўрганишга киритилган 4422 нафар фуқаронинг 620 нафари иш жойи, иш фаолияти, иш ҳақи миқдори ҳақида мазмунли жавоб бера олмади. Ишдан бўшатилган.

Йил бошидан буён олиб борилган мониторинг ишлари натижасида ишга қабул қилинган 30 минг 200 нафар фуқародан 1309 нафари меҳнат тартибига риоя қилмагани учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунга кўра, кўрсатилган иш берувчилар билан тузилган шартнома бекор қилиниб, сохта иштирокчиларнинг иш ҳақи тўланмаган, бюджет маблағлари иқтисод қилинган.

Йиғилишни сарҳисоб қилар экан, Бейсенбай Тажибаев масъулларга кун тартибидаги 2 та масала бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқлар берди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат маблағларини мақсадли сарфлаш, банд бўлган аҳолининг ишга келишини назорат қилиш, мажбурий пенсия бадаллари тўланиши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишни ҳисобга олиш зарур. Туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ўринбосарлари ва ижтимоий соҳага масъул раҳбарларни ўз вазифаларини ҳалол ва сифатли бажаришлари лозимлигини эслатди.

Муаллиф: Қайрат Зайнишев

Сўнгги хабарлар