Туркистон ҳудудидан қанғли даврига оид Хань империясининг ойнаси топилди
TÚRKİSTAN. Кazinform – Ўзбекали Жанибеков номидаги Жанубий Қозоғистон педагогика университетининг Археология маркази Ордабаси тумани Қарааспан қишлоқ туманида жойлашган Тўлебайтўбе қабристонининг 3 та ҳудудида қазиш ишлари олиб борди. Натижада тадқиқотчилар қанғли даврига мансуб Хань сулоласининг ойнасини топдилар.

Аёл кишининг қабридан топилган бронза ойна ўша пайтларда қиммат баҳоланган. У фақат бой ва қудратли одамлар томонидан ишлатилган.
Тарихий ёдгорликка назар ташлайдиган бўлсак, марҳумнинг юқори лавозимда ишлаганлигини билиш мумкин.

“Ойнанинг шакли юмалоқ, ўртасида ип ўтказиш учун тешик, юзаси 8 та аркали. Шунга ўхшаш нометалллар аввалроқ Афғонистоннинг Кушонлар империясининг маркази бўлган Тилля тепа шаҳрида ва Жанубий Оралдаги сарматлар подшолари дафн этилган жойдан топилган. Шунингдек, кўчманчи сюнну (хунну) Осиё империяси шаньюлари қабрларидан ҳам топилган”, – дейилади археология маркази тарқатган маълумотда.

Учта қабр устида тадқиқот олиб борган олимларнинг айтишича, 1 ва 2 қабрлар қадимда талон-тарож қилинган.
Ва учинчисида жуда қимматли артефактлар чиққан.

Жумладан, булар қаторига кўза, Хань даврига оид бронза ойна, Рим даврида кийимга тақилган фибула, сирға, шунингдек, майда бисер, қўлларга тақиш учун мўлжалланган катта мунчоқлар, пойабзал ва камар қисмлари ва қуш овлаш учун махсус тайёрланган камон ўқи бор.
“Топилган артефактларни кўриб, Қанғли давлати кучли ва қудратли империялар билан алоқада бўлганлигини билиш мумкин. Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган, Ғарб ва Шарқ ўртасида савдо-сотиқни ривожлантирган, йирик шаҳарлар гуллаб-яшнаган Қанғлилар давлати Рим, Византия, Кушон, Хитой билан тенг даражада дипломатик алоқада бўлган. Дафн этилган жойнинг вақти милоддан аввалги II асрдан бизнинг эрамизнинг IV асригача даврни ўз ичига олади", – дейилади маълумотда.

Археологик экспедиция раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Александр Подушкиннинг айтишича, мазкур топилмалар тарихий қийматидан келиб чиқиб, Миллий музейга топширилади.
Тадқиқот ишида Ордабаси тарихий-миллий музейи илмий ходимлари ҳам иштирок этди.
