Транзит, савдо айланмасини ошириш: Тоқаев ва Орбан учрашувидан нимани кутиш мумкин

Транзит, савдо айланмасини ошириш: Тоқаев ва Орбан учрашувидан нимани кутиш мумкин
Коллаж: Kazinform

Қозоғистон Венгрияни Европа Иттифоқи давлатлари орасида муҳим савдо шериги деб билади. Аммо шуни тан олиш керакки, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар салоҳияти ҳали тўлиқ амалга оширилмаган. Бундай фикрни халқаро экспертлар билдирмоқда. 2 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Астанага ташриф буюради. Шу ва бошқа масалалар ҳақида Ақордадаги учрашувдан сўнг икки томонлама муносабатлар қайси йўналишда ривожланиши мумкинлиги ҳақидаги Каzinform экспертининг мақоласида ўқинг.

Мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг (АҚШ, Нью-Йорк) 78-сессияси доирасида Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш, шунингдек, ҳамкорликнинг икки томонлама механизмларини қайта тиклашда чора-тадбирлар кўриш муҳимлигини такидлади. Ўша учрашувда Қозоғистон Президенти Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10 йиллигига бағишланган саммитига таклиф қилди.

Шундай қилиб, 2 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Астанага келади. Томонлар Қозоғистон-Венгрия ҳамкорлигини савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишлари кутилмоқда. Бундан ташқари, Виктор Орбан Қозоғистон Ҳукумати раҳбари Алихан Смаилов ва Парламент мажлиси раиси Ерлан Қошанов билан учрашиши режалаштирилган.

Стратегик ҳамкорлик

Венгрия Шарқий Европанинг Қозоғистон мустақиллигини тан олган ва стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаган биринчи давлатларидан бири.

Давлатлараро дипломатик муносабатлар 1992 йил 2 апрелда ўрнатилган. Бугунги кунда Астана ва Будапешт ўртасидаги дипломатик муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Икки томонлама мулоқот Қозоғистон-Венгрия стратегик кенгаши ва Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия иши доирасида ривожланмоқда.

Шу пайтгача икки давлат президентлари мамлакат пойтахтларига икки марта ташриф буюрган. Қозоғистон Ҳукумати раҳбари Венгрияга тўрт марта, уларнинг Бош вазири эса икки марта Астанага ташриф буюрган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Венгрия Президенти Каталин Новак билан учрашуви чоғида икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқаларини сақлаб қолиш ва чуқурлаштириш ниятини тасдиқлади. Шу муносабат билан Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти эксперти Лидия Паркхомчик Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Астанага ташрифи аҳамиятига тўхталди.

"АҚШда бўлиб ўтган учрашувда томонлар Туркий давлатлар ташкилоти фаолияти доирасида яқин ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор экани алоҳида таъкидланди. Қозоғистон Астанада ташкилотнинг ўнинчи саммитига мезбонлик қилади, бу Қозоғистон-Венгрия ҳамкорлигини фаоллаштириш учун қўшимча имконият яратади", – деди эксперт.

Савдо-иқтисодий алоқалар

Ўтган йили Венгрия Қозоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича рекорд ўрнатди, бу кўрсаткич 49,8 миллион долларга етди. Сўнгги йигирма йил ичида Венгрия Қозоғистон иқтисодиётига 300 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди.

2023 йил бошида бўлиб ўтган Қозоғистон-Венгрия ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг саккизинчи йиғилишида томонлар иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди. Бунда биринчи навбатда экспорт қилинадиган товарлар рўйхатини кўпайтириш кўзда тутилган эди.

ҚР Миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-август ойларида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 124,2 миллион долларни ташкил этган. Уларнинг 120,3 миллиони импортга тегишли. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 172,2 миллион долларни ташкил этди. Бу Қозоғистон ташқи савдосининг умумий ҳажмининг 0,2 фоизини ташкил қилади.

Транзит, савдо айланмасини ошириш: Тоқаев ва Орбан учрашувидан нимани кутиш мумкин
Инфографика: Kazinform

Халқаро экспертнинг фикрича, бу кўрсаткичларни ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Чунки мавжуд имкониятлар тўлиқ амалга оширилмаган. "Эртанги учрашув бу имкониятни қоплашга ёрдам беради", – деб ҳисоблайди Лидия Паркхомчик.

“Қозоғистон Венгрияни Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги муҳим савдо шериги сифатида билади. Қозоғистон Венгрияга газ-кимё ва балиқчилик маҳсулотларини экспорт қилади, мамлакатдан дори-дармон, асбоб-ускуналар, алоқа воситалари импорт қилинади. Аммо шуни тан олиш керакки, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар салоҳияти бугунги кунда тўлиқ рўёбга чиқмаган”, – дейди эксперт.

Кўп томонлама ҳамкорлик

Икки давлат ўртасидаги сиёсий муносабатлар ўзаро англашув ва ишонч доирасида ривожланиб бормоқда. Халқаро сиёсатнинг муҳим масалалари бўйича томонларнинг позициялари изчил. Венгрия Қозоғистоннинг 2010 йилда ЕХҲТга раислик қилиш ва “ЭКСПО-2017” кўргазмасига мезбонлик қилиш таклифини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, у Европа Кенгашининг жиноий иш юритиш ва ЕИ давлатлари билан виза режимини енгиллаштириш соҳасидаги конвенцияларига қўшилиш тарафдори. 2019 йил 19 сентябрь куни Будапештда Туркий давлатлар ташкилотининг икки давлат учун муҳим бўлган ваколатхонаси очилди.

Тоқаев ва Орбан учрашувлари

Қозоғистон Президенти ва Венгрия Бош вазири аввал ҳам бир неча бор учрашган. Биринчи расмий учрашув 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг “ СОVID-19 пандемиясига қарши курашда садоқат ва ҳамкорлик” мавзусидаги фавқулодда саммитида “онлайн” иштироки билан бошланди.

Кейин, 2021 йил 12 ноябрь куни Қасим-Жомарт Тоқаев ва Виктор Орбан Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар раҳбарларининг 8-саммити доирасида учрашди.

Бундан ташқари, 2022 йил 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг саммити доирасида суҳбатлашган. Учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йўллари, халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар алоқа

Мамлакатлар ўртасидаги тарихий алоқалар чуқур илдизларга эга. Чунки ҳозирги Венгрия ҳудудида XIII асрнинг биринчи ярмида Торғай даштидан кўчиб келган қипчоқ қабилаларининг авлодлари яшайди.

Бугунги кунда Қозоғистон ва Венгрияда ўтказилаётган турли маданий ва спорт тадбирларида икки мамлакат санъаткорлари, олимлари ва спортчилари фаол иштирок этмоқда.

Икки давлат олимлари муштарак тарихий боғлиқликни ўрганишдан ўзаро манфаатдор. Венгриядаги қипчоқлар ва Қозоғистондаги мадьярларнинг жойлашиши тарихини ўрганиш бўйича қўшма археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.

2014 йил 2-3 июнь кунлари Будапештда “Астана” кўчаси очилиб, Абай Қунанбоевнинг бюсти ўрнатилди.

Мамлакат олий таълим органи таълим ва фан соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома доирасида Венгриянинг етакчи университетлари билан яқин ҳамкорлик қилади. Ҳар йили Қозоғистоннинг 250 нафар фуқароси Венгрия олий ўқув юртларида ўқиш учун грант олади. Бугунги кунда бу юртда мингдан ортиқ қозоғистонлик талабалар таҳсил олмоқда.

2022 йил март ойида Будапештда қозоқ тилида «Менің атым Қожа» фильми намойиш этилди, А.Дюли университетида қозоқ маданияти куни бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, ватандошлар ўртасида қозоқ тилини улуғлаш мақсадида Л. Эетвоша университетида қозоқ тили курслари 2022 йил апрелдан сентябргача ташкил этилган. Ўша йилнинг август ойида Венгрия Фанлар академиясида Ахмет Байтурсинулининг “Алаш” ва венгриялик турколог Арминий Вамберининг “Марказий Осиёга саёҳат” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Кейинги пайтларда илм-фан соҳасида икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада жонланди.

Қандай йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш мумкин?

Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик суръатларини ошириш ниятида. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, транзит транспорти агросаноат мажмуасидаги ўзаро ҳамкорликдан ташқари, икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга туртки бериши мумкин.

“2021 йилда «KTZ Express» Венгрия орқали Марказий Европага транзит транспортини ривожлантириш бўйича меморандум имзолади. Бу Захони шаҳридаги CELIZ (Марказий Европа логистика ва саноат зонаси - таҳр.) дастури доирасидаги ҳамкорликни назарда тутади. Венгрия минтақадаги темир йўл ва порт инфратузилмасини модернизация қилишни Хитой-Европа-Хитой йўналиши бўйича юк ташиш йўналишларини ташкил этишнинг асосий лойиҳаси сифатида кўради”, – деди Лидия Пархомчик.

Қозоғистон Хитой товарларини Европага етказиб бериш учун логистика занжирларини яратиш, жумладан Захони терминал инфратузилмасидан фойдаланиш ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Астана шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтади. Унда ташкилотга аъзо давлатлар – Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, шунингдек, кузатувчи давлатлар – Туркманистон ва Венгрия раҳбарлари иштирок этади.

Сўнгги хабарлар