Тожикистон иқтисодиёти 2025 йилда 8,4 фоизга ўсди

ASTANA. Kazinform — Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида бўлиб ўтган Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатнинг 2025 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари муҳокама қилиниб, 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Тожикистон иқтисодиёти 2025 йилда 8,4 фоизга ўсди
Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Ҳукумат йиғилишида сўзга чиққан бош вазир Қоҳир Расулзода жаҳон миқёсидаги синов-хатарларга қарамай, 2025 йил Тожикистон учун муваффақиятли бўлганини таъкидлади.

“Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми 176,9 млрд сомонини (тахминан 19 млрд доллар) ташкил этди. Иқтисодий ўсиш суръати 8,4 фоиз даражасида таъминланди. Инфляция даражаси 3,5 фоиз бўлди”, — деди у.

2025 йилда давлат бюджетига 60,3 млрд сомони (тахминан 6,48 млрд доллар) тушди, бу режалаштирилган кўрсаткичдан 7 млрд сомонига кўпдир. Шунингдек, 59,5 млрд сомони (6,3 млрд доллар) ҳажмида хорижий инвестициялар жалб этилди, бу 2024 йилга нисбатан 35 фоизга кўпдир. Умумий товар айланмаси ҳажми 14 фоизга ўсиб, 77,3 млрд сомонини (8,31 млрд доллар) ташкил этди.

Мамлакатда 400 та янги саноат корхонаси, 38 та болалар боғчаси, 214 та умумтаълим мактаби, 113 та соғлиқни сақлаш муассасаси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 280 мингта янги иш ўрни яратилди.

2025 йил якунларини сарҳисоб қилар экан, президент Эмомали Раҳмон Ҳукуматга стратегик мақсадларга эришиш ва мамлакат иқтисодий ўсишини камида 8 фоиз даражасида таъминлаш учун ишларни янада фаоллаштириш вазифасини топширди. 

Сўнгги хабарлар