Тошкентда йога фестивали бўлиб ўтди
TASHKENT. Kazinform - 21 июнь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек номидаги хиёбонида оммавий йога фестивали ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.

Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант иштирок этиб, йога инсон онгини ва тана уйғунлигини мустаҳкамлаши, саломатлик ҳамда тафаккур ривожига хизмат қилиши ҳақида сўз юритдилар.
Тадбирда Тошкент шаҳридаги турли корхона ва ташкилотлар ходимлари, йога марказлари аъзолари, ўқувчилар, маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий меҳмонлар иштирок этиб, йога машқларини бажаришди.
Эътиборлиси, ушбу фестиваль 2019 йилдан буён мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида йога билан шуғулланувчиларнинг сони ортиб, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида йога клублари ташкил этилди.
Мазкур клубларда фаолият юритаётган спортчиларимиз жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи Осиё чемпионатида 26 та медални қўлга киритишди. Бу Ўзбекистонда йога спортининг жадал ривожланаётганидан далолат беради.