Тошкентда йил давомида 170 та тиббий контейнерлар ўрнатилади
Бу муассасалар барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва 18 турдаги тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланади. Эрталаб соат 8:00 дан кечки 20:00 гача ишловчи икки койкали «кичик шифохона»да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобиль тиббий хизмат кўрсатади.
Бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган кексалар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда оилавий шифокорга катта енгиллик беради.
Фуқароларнинг эса оддий кўриклар учун ўз ҳудудидаги поликлиникага қатнашига зарурат қолдирмайди. Чунки улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилади.
Ушбу пунктларни жиҳозлаш, уларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Шунингдек, бу кичик муассасаларга электр энергия ва сув тармоқлари тортилиб, иссиқ ҳамда совуқ кунларда ҳаво мўътадиллигини таъминловчи мосламалар ўрнатилади.
«Бу тиббий пунктлар беморларнинг стационар даволанишига эмас, балки уларга бирламчи тезкор хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Ажратилаётган маблағлар эса кичик «поликлиника»да ҳам худди оилавий поликлиникалардаги шароитларни ҳозирлаш учун сарфланади», - дейилади Ўзбекистон ССВ хабарида.
Фото: ssv.uz