Тошкентда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма ташкил этилди
TASHKENT. Kazinform - "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазма ташкил этилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.
Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси, Тошкент фотосуратлар уйи ҳамда дўстлик жамиятлари раҳбарлари ва фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, Бадиий академия ахборот хизмати раҳбари Қаҳрамон Қўлдошев, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон Республикасидаги украин миллий маданий маркази раиси Владимир Бойко мамлакатимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” баланд руҳда нишонланаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади. Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Бу йил ҳам Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 11-16 ноябрь кунлари мамлакатда "Бағрикенглик ҳафталиги" ўтказиляпти.
Ўзбекистон бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси, ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилиши халқаро миқёсда эътироф этиляпти.
Кўргазмадан мақсад мамлакатда диний эркинлик ва миллатлараро муносабатларнинг барқарорлигини кенг жамоатчиликка яна бир бор намойиш этиш ва шу қадриятларни сақлаб, ривожлантиришдан иборатдир.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида мамлакатда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари давлат сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири экани таъкидланиб, ундаги фотоасарлар томошабинларга мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро ва динлараро дўстлик ришталари ҳақида сўзлаши қайд этилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб келади. 16 мазҳабдаги диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга оширади. Улар умумий уйимиз – Ўзбекистон равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келяпти.