Тошкентда таэквондо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади
TASHKENT. Kazinform - Жорий йил 12–17 апрель кунлари Тошкентда таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасида XV Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади, деб хабар беради ЎзА.
Чемпионатда иштирок этиш учун 118 та давлатнинг 990 нафар спортчиси рўйхатдан ўтган. Бу кўрсаткич 2024 йил Жанубий Кореяда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати рекордидан ошганини кўрсатади.
Дунёнинг энг яхши ёш таэквондочилари иштирок этадиган мусобақа қизлар ва ўғил болалар ўртасида 10 та вазн тоифасида ўтказилади.
Мусобақалар Тошкентдаги "Олимпия шаҳарчаси"да жойлашган Яккакураш спорт мажмуасида ўтказилади.
Чемпионат дастурига кўра, 10 апрелда Тошкентда таэквондо WТ флешмоб тадбири ва "Жаҳон таэквондо ижроси" жамоаси иштирокида байрамона шоу ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 11 апрелда Жаҳон таэквондо федерацияси кенгаши йиғилиши, мусобақа бошланишидан олдин расмий матбуот анжумани ва Бош ассамблея йиғилиши бўлиб ўтади.