Тошкентда дзюдо бўйича халқаро турнир бўлиб ўтади

TASHKENT. Kazinform — Жорий йилнинг 27 февраль-1 март кунлари Тошкентда дзюдо бўйича бўлиб ўтадиган “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” мусобақалари "Лос-Анжелес-2028" Олимпия ўйинлари йўлида муҳим рейтинг очколарни жамғариш имкониятини тақдим этади, деб хабар беради UzA.

OTP Group Tashkent Grand Slam 2026
Фото: UzA

Халқаро дзюдо федерацияси Тошкентда ўтадиган ушбу нуфузли мусобақада иштирок этадиган давлатлар ва жамоалар рўйхатини эълон қилди.

Унда келтирилишича, Тошкент татамисидаги муросасиз беллашувларда 41 мамлакатнинг 390 нафар маҳоратли спортчилари иштирок этиш талабномасини тақдим этган.

Мусобақаларда 222 нафар эркак ва 168 нафар хотин-қиз дзюдочилар уч кунлик баҳсларда совринли ўринларга ва рейтинг очколарига даъвогарлик қилади. Беллашувлар 7 та эркаклар, 7 та аёллар вазн тоифаларида бўлиб ўтади.

Тақдим этилган талабномаларга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 56 нафар дзюдочи билан Тошкент баҳсларида иштирок этса, хорижий мамлакатлардан Хитой(26), Россия Федерацияси(22), Япония(22), Озарбайжон(20), Италия(18), Тожикистон(17), Бразилия (16), Ҳиндистон(16), Исроил(16) каби давлатлар энг катта таркиб билан “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” баҳсларида қатнашиш истагини билдирган.

Шунингдек, Тошкентда ўтадиган халқаро мусобақада Ирландия, Кипр, Чехия, Парагвай, Сербия, Швеция каби миллий терма жамоадан 1 нафардан дзюдочи билан иштирок этиш истагини билдирган.

Сўнгги хабарлар