Тошкентда Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллиги кенг нишонланди

TASHKENT. Kazinform — Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Бу икки қардош халқ ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий алоқаларнинг изчил мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Тошкентда Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллиги кенг нишонланди
Фото: Facebook

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 13-мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида” қарори қабул қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Улуғ шоир таваллудининг 180 йиллиги муносабати билан Тошкентда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази ҳамкорлигида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Тадбирлар Тошкент шаҳридаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими билан бошланди. Куннинг асосий воқеаси – “Абай – қозоқ ва ўзбек халқларининг севимли шоири” номли халқаро конференция бўлди. Ушбу анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб бериб, конференция иштирокчилари жуда бир шарафли санани, қозоқ халқининг буюк фарзанди, марифатпарвар шоири Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллигини нишонлаш учун йиғилганлигини ва бу қозоқ халқига эҳтиром сифатида қабул қилинишини эътироф этди.

– Инсоният маънавият тамаддуни тараққиётида жуда кўп мутафаккирлар қаторида буюк қозоқ шоири, мутафаккир Абай Қўнонбоевнинг мероси муносиб ўринга эга, – деди Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 13-мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда алломанинг адабий меросига бўлган эътиборни бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Бу ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва хамжиҳатликни таъминлаш, адабий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги оқилона сиёсатнинг натижасидир

Шунингдек, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси Сержан Сарсенбаев, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов, “Отандастар фонди” Департамент директори Ержан Муқаш сўзга чиқиб, Абай нафақат қозоқ халқининг, балки бутун туркий оламда ўзининг фалсафий фикрлари билан адабиёт бўстонига катта ҳисса қўшгани, унинг беназир асарлари, адабий мероси, илм-маърифатга элтувчи, адолатни куйловчи шеърлари билан Шарқ адабиёти юлдузлари қаторидан муносиб жой олгани хусусида батафсил маълумот беришди.

Конференция доирасида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси бўлим бошлиғи Саодат Давлатова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Хошимжонов, Абайнинг “Жидебай-Борили” музейи директори, адабиётшунос Турдиқул Шанбай, Хўжа-Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети, филология фанлари номзоди, доцент Тоти Кошенова, М.Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институтининг илмий ходими, шоир Мирзақул Бауржан ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон Абдулла Рустамов Абай ижоди хусусида сўз юритиб, чуқур таҳлил қилдилар.

Юбилей тадбирлари Ўзбек миллий академик драма театридаги маъданий-маърифий кеча ва концерт дастури билан якунланди. Унда қозоқ ва ўзбек санъаткорлари томошабинларга куй-қўшиқлар ва шеърлар орқали кўтаринки кайфият улашдилар.

Турсинали Аҳмедов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги Қозоқ адабиёти кенгаши раиси

Сўнгги хабарлар