Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган болалар сони қарийб 2 мингни ташкил этмоқда
TASHKENT. Kazinform — Тошкент вилоятининг бир неча туманидаги боғчаларда овқатдан заҳарланиш бўйича 1900 нафардан ортиқ бола шифохонага мурожаат қилган, деб хабар беради Uznews.uz.

Айни вақтга келиб мурожаат қилганларнинг 930 нафардан кўпроғида касаллик белгилари аниқланмагани боис уйига жавоб берилган. 941 нафар беморнинг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўрта даражада.
Пискент, Бўка, Бекобод, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ туманларидаги беморларнинг бир қисми касалхоналарда жой етишмовчилиги сабабли Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларига ҳам юборилган.
Маълум қилинишича, ушбу туманларга учта аутсорcер хизмат қилган, учаласи ҳам ўша кефирни Оққўрғондаги Shark Milk Product компаниясидан олган. Мазкур компания Учтепа туманида рўйхатдан ўтган, аммо ишлаб чиқариш Оққўрғон туманида олиб борилган.
Ҳозирда ушбу маҳсулотдан 540 та намуна олиниб, таҳлил ишлари ўтказилмоқда.
25 сентябр куни эрталаб Пискент ва Бўка туманидаги боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиб касалхонага ётқизилаётгани ҳақида дастлабки хабарлар берилганди. Хабарларда бунга сифатсиз кефир сабаб бўлгани айтилганди. Кун давомида жами 109 нафар бола касалхонага ётқизилгани, уларнинг аксарияти Оққўрғон туманидаги боғчалар тарбияланувчилари экани маълум бўлганди.
26 сентябрь куни Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланган боғча болалари сони 1940 нафарга етгани, заҳарланиш ҳолатлари жами етти ҳудудда, Оққўрғон (413 нафар), Бўка (537 нафар), Пискент (430 нафар), Қуйи Чирчиқ (64 нафар), Бекобод (98 нафар) туманлари ҳамда Олмалиқ (285 нафар) ва Нурафшон шаҳарларида (113 нафар) қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 109 нафар бола овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик.