Тошкент илк бор глобал GSMA M360 Eurasia 2025 саммитига мезбонлик қилади
TASHKENT. Kazinform - Марказий Осиёда илк бор GSMA M360 Eurasia 2025 халқаро форуми Тошкентда бўлиб ўтади. Бу йиллик тадбир мобил алоқа операторлари, телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчилари ва қитъа инвесторларини бирлаштиради. Саммитга VEON Group таркибига кирувчи Beeline Uzbekistan ҳомийлик қилмоқда, деб ёзади xabar.uz.

GSMA M360 Eurasia 2025 Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, «Beeline Uzbekistan» ва VEON Group ҳамкорлигида 21-22 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Саммит Ўзбекистоннинг минтақавий технологик марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаб, рақамли технологиялар соҳасидаги энг муҳим халқаро тадбирга айланади. 2024 йилда Бокуда муваффақиятли ўтказилган тадбирдан сўнг, Тошкентдаги форумга халқаро миқёсда юқори даражадаги қизиқиш кутилмоқда.
Саммит минтақанинг рақамли трансформациясини муҳокама қилиш учун муҳим платформага айланади. Етакчи мутахассислар ва соҳа раҳбарлари Евроосиёнинг рақамли келажагини белгилайдиган энг муҳим мавзуларни — мобил тармоқларда сунъий интеллектни ривожлантиришдан 5G технологияларини жорий этишгача, шунингдек, минтақаларнинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш стратегияларини муҳокама қиладилар.
Асосий сессиялар қаторида инвестицияларни жалб этиш ва кенгайтиришга тайёр рақамли иқтисодиётни яратишга бағишланган «Igniting Mobile Investment» ҳамда миллиардлаб уланган қурилмаларнинг экологик самарадорлигига қаратилган «Scaling Smart» сессиялари ўтказилади. Янги рақамли хизматларни жорий этиш учун зарур бўлган киберхавфсизлик ва тармоқлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор берилади.
M360 Eurasia 2025 доирасидаги муҳокамалар ва учрашувлар рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда телекоммуникация ва IT соҳасида муҳим халқаро келишувларга эришишга ёрдам беради. Иштирокчилар ушбу соҳаларга инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашадиган стратегик ҳамкорлик ва битимлар тузиш имкониятига эга бўладилар.
Асосий маърузачилар орасида — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов; Вивек Бадринатх, GSMA бош директори; Каан Терзиоглу, VEON бош директори; Андрей Пятахин, Beeline Uzbekistan бош директори, шунингдек, Google, Mastercard, Azercell ва бошқа кўплаб глобал компаниялар раҳбарлари.