Топ-5: Қозоғистоннинг энг машҳур тарихий жойлари ва ёдгорликлари
1. ХЎЖА АҲМАД ЯССВИЙ МАҚБАРАСИ
Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси Ўрта Осиё ҳудудидаги ўрта аср меъморчилигининг энг машҳур асари бўлиб, мамлакатдаги энг машҳур тарихий масканлардан биридир.
XIV асрда Амир Темур раҳнамолигида барпо этилган мақбара Қозоғистон халқи учун муқаддас қадамжо саналади. Яссавий мақбараси ёнида 24 хон, султон, 57 ботир, 18 би дафн этилган.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган мақбаранинг баландлиги 39 метрни ташкил қилади. Бино турли коридорлар орқали бир-бирига боғланган 35 хонадан иборат. Марказий хонада қадимий ёдгорлик - Тайқозон бор.
2. ТАМБАЛИ КОМПЛЕКСИ
Қадим замонлардан қолган белгили тошлар мамлакатнинг энг муҳим тарихий меросларидан биридир. Бу ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Марказий Осиёдаги биринчи қоятош санъати ёдгорлигидир.
Тамбали мажмуасидаги петроглифлар тўрт минг йиллик тарихга эга. Расмларнинг умумий сони эса 5000 га яқин.
Қоялардаги расмларда илк одамларнинг теварак-атрофдаги оламни қабул қилиши, дунёқараши намоён бўлади. Петроглифлар маълум тизим ва фалсафий изчилликка асосланади.
3. АҚИРТАС САРАЙ КОМПЛЕКСИ
Сирларга тўла Ақиртас сарой мажмуаси 8-12 асрларда қурилган. Деворларга ётқизилган тош блокларнинг ҳар бири бир тоннага яқин. Баъзи ўйилган тошларнинг оғирлиги 10 тоннадан ошади.
Олимларнинг фикрича, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ақиртас мажмуаси араб манбаларида учрайдиган Буюк ипак йўлида жойлашган Касрибас шаҳридир.
2,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу иншоотда 70 га яқин хона, 15 та устунли галерея, кириш дарвозалари ва ўртасида ярим гектар очиқ майдон мавжуд эди.
4. «ЖАРКЕНТ МАСЖИДИ» АРХИТЕКТУРА ВА САН’АТ МУЗЕЙИ
Жетисунинг дурдонаси, меъморликнинг яна бир буюк асари «Жаркент масжиди» меъморчилик ва санъат музейидир. Михсиз қурилган бу масжид 1887-1892 йилларда барпо этилган.
Қурилиш ишлари Пекиндан таклиф этилган хитойлик мутахассис ва муҳандис Хонг Пик бошчилигида амалга оширилди.
Мажмуанинг умумий лойиҳасида бош дарвоза, кичик масжид, мадраса, катта жума масжиди, куйдирилган кўк ғиштдан ясалган қуршов ўрин олган.
5. АЙША БИБИ МАҚБАРАСИ
Айша биби мақбараси XI-XII асрларга оид ажойиб меъморий ёдгорликдир.
Нақшларининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги бўйича бошқа анъанавий ёдгорликлар орасида тенги йўқ.
Мақбара сайёҳларни нафақат ўзининг бетакрор меъморчилиги, балки Айша Биби ва ботир Қарахан ўртасидаги чексиз муҳаббат тарихи билан ҳам ўзига тортади.
Қозоғистонда 25 мингдан ортиқ тарихий ва маданий мерос обидалари мавжуд. Улардан 10 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, 12 463 таси республика ва маҳаллий аҳамиятга молик тарихий-маданий ёдгорлик мақомига эга.
«Келгусида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги яна 6 та тарихий обидани ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритишни режалаштиряпти», – дейилади ҚР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги хабарида.
Фото: silkadv.com