13:37, 22 Октябрь 2022 | GMT +5
Тоқаев: Шу йилдан эътиборан Республика куни умумхалқ байрамидир
ASTANA. Kazinform - Ақордада Республика куни муносабати билан Президент Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида давлат мукофотлари ва унвонларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ақорда.
![None None](/static/img/plug.webp)
«Улитауда бўлиб ўтган Миллий қурултойда мен Республика кунига миллий байрам мақомини қайтаришни таклиф қилдим. Уни Қозоғистоннинг бош байрами сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиқдим. Бу ташаббус халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, тегишли қонунга ўзгартиришлар киритилди. Бу йилдан бошлаб Республика куни умумхалқ байрами ҳисобланади. Энди биз бу байрамни бутун мамлакат сифатида янгича тарзда нишонлаймиз. Қайта тикланган Республика байрами халқимиз маънавиятини юксалтирувчи, юртимизни мустаҳкамлайдиган ғоят муҳим тарихий қадамдир. Бинобарин, ушбу юбилей фуқароларимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини, бутун халқимизнинг эркин ҳаётга, мустақил тараққиётга интилишини намоён этадиган байрам бўлади. «Республика» сўзи лотинча «умумий иш» деган маънони англатишини ҳаммамиз биламиз. Бир сўз билан айтганда, республика ўз ишларига масъул бўлган фуқароларнинг умумий ҳаракатлари туфайли вужудга келади. Зеро, фуқаролар давлатнинг таянчидир. Фуқаролар бўлмаса, давлат ҳам бўлмайди»
, - деди Қозоғистон Республикаси Президенти.
Шу билан бирга, Давлат раҳбари Мустақиллик декларациясига тўхталди.
«Мустақилликнинг эълон қилинишини халқнинг кенг қамровли ва узоқ давом этган кураши натижаси, дейиш мумкин. Албатта, бундай қадам ташлаш осон бўлмади. Мамлакатнинг ўша даврдаги сиёсий, ижтимоий ва демографик ҳолатини ҳисобга олсак, бу жуда дадил ҳаракат эди. Мустақиллик декларацияси таваккал ва дипломатия, ақл ва сабр натижасидир. Ушбу тарихий ҳужжатнинг таъсири тез орада сезила бошлади. Биз жамият асосларини янгиладик, янги марралар сари интилдик. Қозоғистон оғир ўтиш даврини бошидан кечирди ва фундаментал давлатга айланиш йўлидан бормоқда», — деди Давлат раҳбари.