Тейлор Свифт биринчи марта Forbesнинг миллиардерлар рўйхатига кирди
ASTANA. Kazinform - Америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт биринчи марта Forbes журнали томонидан тузилган миллиардерлар рўйхатига кирди. У билан бирга ChatGPT чат-боти яратувчиси Сэм Альтман ҳам рўйхатга киритилди, дея хабар беради Каzinform BBCга таяниб.

Свифт жами 1,1 миллиард доллар ишлаб топган, Альтманнинг бойлиги эса 1 миллиард доллардир.
Рўйхатда 233 миллиард доллар бойлик билан биринчи ўринни яна бир бор француз бизнесмени Бернард Арно эгаллади, у оиласи билан қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган LVMH холдингига эгалик қилади.
Иккинчи ўринни Tesla, Space X асосчиси ва Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск (195 миллиард доллар), учинчи ўринни Amazon асосчиси Жефф Безос (194 миллиард доллар) эгаллади.
Тўртинчи ўринда Meta корпорацияси раҳбари Марк Цукерберг (177 миллиард доллар) компания акцияларининг ўсиши ҳисобига ўз бойлигини 116 миллиард долларга оширишга муваффақ бўлди. Биринчи бешликни Oracle асосчиларидан бири Ларри Эллисон (141 миллиард доллар) ёпди.
Forbes маълумотларига кўра, 2024 йилда дунёдаги миллиардерлар сони рекорд даражада - 2781 нафарга етади.
Бу ўтган йилга нисбатан 141 тага ва аввалги рекорд ўрнатилган 2021 йилга нисбатан 26 тага кўпдир.
Forbes таъкидлашича, дунё элитаси ҳар қачонгидан ҳам бойроқ, уларнинг умумий бойлиги 14,2 триллион долларни ташкил қилади.
Ўтган йил охирида 189 киши, жумладан, Хитойдан 129 киши рўйхатдан чиқиб кетган.
Бундан ташқари, мисрлик тадбиркор Муҳаммад ал-Файед, Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони, Чили собиқ президенти Себастьян Пиньера ва қўшиқчи Жимми Баффет каби яна 32 миллиардер вафот этган.