Tesla тез орада роботакси хизматини ишга туширади
ASTANA. Kazinform – Остинда 22 июнь куни биринчи синов саёҳатлари бошланиши мумкин, деб хабар беради Anadolu.

Америкалик миллиардер, Tesla ва SpaceX компаниялари эгаси Илон Маск 22 июнь куни ҳайдовчисиз такси (роботакси) хизматини ишга туширишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида ёзди.
Маскнинг сўзларига кўра, ҳайдовчисиз электр транспорт воситалари билан биринчи синов саёҳатлари Техаснинг Остин шаҳрида бошланиши мумкин.
"Биз хавфсизлик масалаларига жуда эҳтиёткор бўламиз, шунинг учун ишга тушириш санаси ўзгариши мумкин", – деди у.
АҚШ ОАВларининг ёзишича, янги хизматнинг ишга туширилиши инвесторлар, Уолл-стрит таҳлилчилари ва автомобиль ишқибозларида катта қизиқиш уйғотган.
Ўтган ойда CNBC телеканалига берган интервьюсида Маск роботакси хизмати дастлабки босқичда масофадан бошқарилиши ва фақат хавфсиз деб белгиланган ҳудудларда ишлашига аниқлик киритди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Илон Маск Трампдан кечирим сўрагани ҳақида ёздик.