Тенгенинг қадрсизланишининг 3 та омили айтилди
ASTANA. Kazinform – Тенге курсининг заифлашишига учта асосий омил таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда ҚР Ҳукуматида бўлиб ўтган брифингда Бош вазир ўринбосари – ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров маълум қилди.

"Охирги бир неча ҳафта ичида валюта бозорида муайян тебранишлар кузатилди. Бу миллий валюта курсининг заифлашувида намоён бўлди. Ўтган ҳафтада АҚШ долларининг курси 500 тенгедан ошди. Ҳукумат ва Миллий банк тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларимизнинг бу борадаги ташвишларини тушунган ҳолда валюта бозорида барқарорликни таъминлаш бўйича келишилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда”, – деди у.
Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосари миллий валюта курсининг мослашуви фақат фундаментал ташқи омиллар таъсирида юзага келадиган ҳодиса эканлигини таъкидлади.
“Улар орасида учта асосий омилларни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчи омил - сўнгги ойларда доллар индексининг глобал кучайиши. Иккинчи омил - жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши. Ва охирги муҳим омил - бу Россия рублининг заифлашиши. Россия бизнинг асосий савдо ҳамкоримиз эканини инобатга олсак, рубль курсидаги тебранишлар тенге курсига таъсир қилиши мумкин. Ҳукуматнинг асосий вазифаси фуқароларимизнинг ижтимоий аҳволи ва фаровонлиги ёмонлашишига йўл қўймаслик, тадбиркорларга салбий таъсир кўрсатишни камайтиришдан иборат. Иқтисодиёт ва аҳоли учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни барқарорлаштириш ва минималлаштириш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бунинг учун Ҳукуматда етарли маблағ ва воситалар мавжуд”, — деди Нурлан Байбазаров.