Тенге курсига қандай омиллар таъсир қилади
Миллий банк вакилининг сўзларига кўра, июн ойи охирига келиб тенге курси долларга нисбатан 13,3 фоизга пасайиб, 470,24 тенгега етди. Бозордаги бундай ўзгаришларга ташқи омиллар билан бир қаторда ички омиллар ҳам сабаб бўлган.
«Аввало, АҚШ долларининг позицияси мустаҳкамланганини қайд этиш лозим. Ички омиллар қаторида – дивидендлар тўлаш даврида юридик шахслар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ошиши ва экспортчилар томонидан солиқ тўлаш учун сотиш ҳажмининг қисқариши ҳисобига хорижий валюта таклифининг камайиши. Кваззидавлат сектори корхоналарининг қарийб 480,4 миллион АҚШ долларини ташкил этган хорижий валютадаги даромадларини сотиш ҳамда Миллий жамғармадан республика бюджетига трансфертларни таъминлаш мақсадида чет эл валютасини сотиш таклиф томондан валюта бозорини қўллаб-қувватлади», - деди Алия Молдабекова.
Бундан ташқари, у Миллий банк июн ойида ички валюта бозорида валюта интервенцияларини амалга оширмаганини айтди. Бозор кайфияти ва ўзгарувчанлиги бозор шароитларига мос эди.
«Таъкидлашни истардимки, валюта курси режимида тенге учун ўзгарувчанлик нормал ҳолат», — деди Миллий банк раиси ўринбосари Алия Молдабекова.
Мутахассиснинг фикрича, белгиланган курс сиёсати қисқа муддатли барқарорлик иллюзиясини яратади. Уни узоқ муддат сунъий равишда сақлаб қолишга фақат олтин-валюта заҳираларини сарфлаш ҳисобигагина эришиш мумкин.
«Натижада бу миллий валютани девалвация қилиш заруриятига олиб келади. Ўз навбатида, тенгенинг эркин курси ташқи муҳитдаги ўзгаришларга дарҳол жавоб қайтариш имконини беради. Бу эса иқтисодиётда номутаносибликларнинг тўпланишига йўл қўймайди, шунингдек, мамлакат олтин-валюта заҳираларининг сақланишига хизмат қилади. Шу боис Миллий банк қатъий курсга ўтиш масаласини кўриб чиқмаяпти», — деди мутахассис.