ТДТ: Тарихий қурултойнинг бугунги қиёфаси
ASTANA. Kazinform — 6-7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммити бўлиб ўтади. Бу ерда давлат раҳбарлари сиёсий таклифлар билан чиқишади ва туркий давлатларнинг муштарак масалаларини муҳокама қилади. Форумда нима муҳокама қилиниши мумкин, ташкилот ташкил этилганидан буён қандай натижаларга эришилди? Kazinform таҳлилий шарҳловчиси мутахассислар билан биргаликда саволларга жавоб излади.
Бирлик сари бир қадам: кеча ва бугунги кун
Туркий давлатлар ташкилоти 15 йил ичида қардош халқларни бирлаштирган ноёб институтга айланди. 2009 йилда Кенгаш сифатида ташкил этилган ва 2021 йилда Ташкилот мақомини олган мазкур тузилманинг ўзаро ҳамкорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозир қардош давлатларнинг сиёсий-иқтисодий алоқалари мустаҳкам, маданий-гуманитар алоқалари жадал. Анъанавий саммитда умумий манфаатлар четда қолмаслиги, ҳар бир халқнинг овози тиниқ эшитилиб, тенг имкониятлар яратилиши асосий вазифага айланди. Озарбайжонда уюштириладиган йиғилишнинг ҳам асосий моҳияти шу тамойилдан узоқлашмайди.
Саммитнинг ўзи навбатма-навбат ТДТ мамлакатларида ўтказилади. Мисол учун, аввалроқ Озарбайжонда ҳам расмий, ҳам норасмий тарзда ташкилот раҳбарларининг учрашуви ташкил этилганди – Габала шаҳри етакчиларни иккинчи бор қабул қилмоқда.
2025 йилда Ақтау шаҳри туркий дунёнинг маданий пойтахти сифатида тасдиқланган, Бишкек шаҳри эса Туркий давлатлар ташкилотининг рақамли пойтахти бўлди.
Умуман олганда, туркий давлатлар транзит ва транспорт, экология, спорт, фан, таълим соҳаларида кенг қамровли ривожланиш режасини ишлаб чиқишга киришдилар. Ўзаро ёрдамга асосланган гуманитар блокнинг иши тизимли. ТУРКПА, Туркий сармоя жамғармаси, Туркий тиллар академияси, ТУРКСОЙ каби ҳуқуқий ва сиёсий институтлар ўз базасини кенгайтирмоқда.
2008 йилда ҳукуматлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон ташаббуси билан ТУРКПА ташкилоти ташкил этилган. Ташкилотга аъзо давлатлар ушбу тузилма орқали қонунчилик, маданий-гуманитар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга интилади. Жорий йил июнь ойида Қозоғистон ТУРКПАга раисликни ўз зиммасига олди.
ҚСТИ Осиё тадқиқотлари бўлими етакчи эксперти Бауиржан Аукеннинг сўзларига кўра, Қозоғистон ТДТ етакчилигида. Қолаверса, туркий тенгликка Қозоғистоннинг қўшган ҳиссаси катта.

“Ташкилот 2009 йилда Нахчивонда ташкил этилган. Ўшандан бери саммитларда кўтарилган кўплаб ташаббуслар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Масалан, транспорт-логистика йўналишида Ўрта йўлакни ривожлантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон рухсатнома тизимини жорий этишга устувор аҳамият берилди. Энергетика, яшил иқтисодиёт, маданий-гуманитар алмашинув йўналишларида ҳам аниқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қозоғистоннинг 2023 йилдаги раислиги даврида «TURK TIME!» шиори остида 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди ва иқтисодий, маданий ва илмий соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди”, – дейди эксперт.
Қозоғистон-Озарбайжон манфаатлари
Ташкилотда Қозоғистон ва Озарбайжон фаол. Туркий дунёсидаги сиёсий-ижтимоий ўзгаришларнинг аксарияти ҳар икки давлат ҳудудида ҳал бўладиган тенденция вужудга келди. Мутахассислар бундай ўзгаришни ҳар икки томоннинг ТДТ салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш истаги билан боғлашмоқда. Қолаверса, транзит хабга айланмоқчи бўлган Қозоғистон-Озарбайжон муносабатлари учун ташкилотнинг ривожланиши шарт.
Бу тахмин асосли. Чунки Қозоғистон ва Озарбайжон транспорт-логистика алоқаларини яхшиламоқда. Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйича юк ташиш ҳажми 2,6 миллион тоннага, контейнер ташиш эса 40,2 минг ТЕUга етди. Шунингдек, мультимодал ташиш самарадорлигини оширадиган кўплаб лойиҳалар мавжуд: Қозоғистон уранининг Озарбайжон орқали транзити; Digital Silk Way доирасида сув ости Оптик толали алоқа тармоқлари (400 Тбит/с) қурилиши; «Middle Corridor Multimodal» корхонасини ташкил этиш ташаббусини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Транспорт иқтисодий ўсишга таъсир қилади. Жорий йилнинг биринчи олти ойида Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 331,7 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга кўпдир. Экспорт кўрсаткичларимиз ўсишига буғдой, нефть ва нефть маҳсулотларини ташиш таъсир кўрсатди. Қўшнимизнинг статистикасини эса қувурлар, алюминий ва озиқ-овқат маҳсулотлари тасдиқлайди.
Саммитда асосий эътибор рақамлаштиришга қаратиладими?
ТДТ мамлакатлари рақамлаштириш жараёнига мослашган ва тайёргарликни бошлаган. Хусусан, улар Ўрта йўлакда юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича божхонани рақамлаштириш бўйича умумий келишувга эришишга яқин турибди. Мутахассисларнинг фикрича, Озарбайжондаги учрашувда албатта рақамли ҳужжатлар қабул қилиниши керак.

Дарҳақиқат, Транскаспий йўлини ва туркий давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантириш божхона ислоҳотисиз мумкин эмас. Шу муносабат билан экспертлар ахборот алмашинуви учун техник шарт-шароитларни жорий этиш ва ваколатли иқтисодий операторлар (ВИО) институтини ривожлантиришни тавсия қилади. Бундан ташқари, “Ягона дарча” тизимини жорий этиш, божхона соҳасига замонавий воситаларни жорий этиш керак, деган фикр кенг тарқалган.
Давлат раҳбари Туркий давлатларни рақамлаштириш билан шуғулланишга узоқ вақтдан бери чақириб келади. 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган навбатдаги саммитда Астана хаб халқаро технопарки негизида Туркий давлатлар ташкилотининг Рақамлаштириш марказини ташкил этишни таклиф қилган эди. Туркий давлатлар ташкилоти илм-фан йўлини енгиллаштириш учун “Рақамли кутубхона” ташкил этишга чақирганини эслаймиз.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш умуман туркий давлатлар учун катта аҳамиятга эга. Мутахассисларнинг фикрича, 2028 йилга бориб рақамли иқтисодиёт ҳажми 16,5 триллион долларга етиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 17 фоизини ташкил қилади. Яъни, рақамлаштиришнинг иқтисодий самарадорлиги яққол кўзга ташланади.
Хулоса қилиб айтганда, туркий давлатлар раҳбарларининг Озарбайжондаги учрашуви давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий истиқболларига бевосита таъсир қилади. Бу бир томондан ТДТнинг жиддий иттифоққа айланганидан далолат берса, иккинчи томондан туркий дунё қардошлик муносабатларининг янги босқичига кўтарилганидан далолат беради.